АсосийЖАМИЯТ

Маҳаллалар бўйича янги тизим яратилади — Президент

Аввал хабар берилганидек, бугун Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташриф буюрди....

'Маҳаллалар бўйича янги тизим яратилади — Президент'ning rasmi

Аввал хабар берилганидек, бугун Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташриф буюрди. Дастлаб Хонқа туманидаги инновацион иссиқхонани бориб кўрди. 

Кейинги манзил -- Янгиариқ туманидаги “Yantex Invest” масъулияти чекланган жамият бўлди. Давлат раҳбари корхона фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Мазкур корхонага Асакабанк томонидан 16 миллион доллардан зиёд маблағ йўналтирилиб, бино замонавий қилиб тикланди, Хитой, Жанубий Корея ва Италиядан ускуналар келтириб ўрнатилди. Бугун бу ерда газлама мато ва чойшаб ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. 200 дан ортиқ иш ўрни очилган.

Корхона йилига 12 миллион погоно метр газлама мато ва 600 минг комплект чойшаб ишлаб чиқариш, 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш салоҳиятига эга.

Шу ерда маҳаллабай ишлаш бўйича янги тизимни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. 

- Маҳалла раисларини сайлаймиз, улардан кўп нарсани талаб қиламиз, - деди Шавкат Мирзиёев. - Лекин бунинг учун маҳаллий раҳбарлар нима қиляпти, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Энди давлат идоралари ходимларининг моддий манфаатдорлиги одамларнинг розилигидан келиб чиқиб белгиланадиган тизим қиламиз. Солиқ, молия, бандлик, инвестиция, тадбиркорлик ва бошқа масалаларга масъул раҳбарлар маҳаллаларда ишлайди. Маҳалла раислари ўз ҳудудидаги муаммолар бўйича уларга талаб қўяди. Ислоҳотларни энг қуйи тизимда бажаришнинг асоси шу. Буни одамлар ҳис қилиши керак.

Мутасаддиларга ушбу тизимни ҳаётга татбиқ этиш, Давлат бошқаруви академияси томонидан маҳалла раисларини шу бўйича ўқитиш юзасидан топшириқлар берилди.

    Бошқа янгиликлар