Жорий йилнинг 9 декабрь куни фуқаро А.А. Фарғона шаҳар ИИО ФМБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими маъмурий амалиёт инспектори М.А.га мурожаат қилиб, жияни С.М. Фарғона шаҳарида “Нексия-3” автомашинани маст ҳолда бошқарганлиги учун, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашинаси жарима майдонига жойлаштирганлигини айтади. Жиянининг ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилмасдан, суд томонидан қўлланиладиган жарима миқдорини камайтириб бериш эвазига 250 (икки юз эллик) АҚШ долларини пора тариқасида таклиф қилган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ Ахборот хизмати маълум қилди.
Инспектор фуқарога пора бериш жиноят эканлигини, бунинг учун жавобгарликка тортилиши ҳақида бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамасдан, фуқаро пора таклиф қилишда давом этган.
Мазкур ҳолат юзасидан, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЎХБ Фарғона вилояти бўйича бўлими, вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси ҳамда Фарғона шаҳар прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, А.А исмли шахс ЙҲХБ инспекторига Фарғона шаҳар, Мустақиллик кўчасида 250 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида берган вақтда, тадбир иштирокчилари томонидан ушланиб, пуллар ашёвий далил тариқасида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Фарғона шаҳар прокуратурасига юборилди.





