Ҳаммамизга маълумки, Самарқанд шаҳри Ўзбекистондаги туризмга ихтисослашган энг йирик шаҳарларимиздан бири. Пандемиянинг салбий таъсири бошқа шаҳарлардан кўра Самарқанд шаҳрига кўпроқ сезилган. 8 декабрь куни Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов ўзи раҳбарлик қилаётган шаҳарда 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва Самарқанд шаҳрини 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари бўйича халққа ҳисобот берди. Сессия сўнгида шаҳар масъуллари, ОАВ вакиллари ва депутатлар иштирокида пресс-брифинг ҳам ўтказилиб, Самарқанд шаҳри ҳаётига дахлдор бахсли мавзулар ҳам кўтарилди. Хўш, бу сонлар қаердан олиняпти ва ниманинг ҳисобига бундай статистика юритиляпти?



ПАНДЕМИЯДАГИ ЎСИШ
Бобурмирзо ОБЛОҚУЛОВ, Самарқанд шаҳар ҳокими:
— Пандемия бошланишида Самарқанд шаҳридаги фаолият кўрсатаётган саноат корхоналарининг 10 фоизи фаолиятини вақтинча тўхтатди,. Шунингдек, 36 таси эса 25%, 87 таси 50% қувватда ишлай бошлаганди. Пандемия таъсири натижасида шаҳарда саноат ишлаб чиқариш хажми жорий йил 6 ой якунида ўтган йилга нисбатан 8,2 фоизга, 9 ой якуни билан 1,8 фоизга камайган бўлса, сектор раҳбарлари ва бошқа мутассади ташкилотлар билан бирга “корхонабай” иш олиб бориш натижасида жорий йилнинг 10 ой якунига кўра, саноат ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 102,8 фоизга кўпайди – 6,4 трлн. сўм. Йилякуни билан 8,3 трлн. сўмга етказилади.
Маълумот учун бу кўраткичлар:
- 2018 йил – 5,4 трлн. сўм;
- 2019 йил – 6 ,8 трлн. сўм бўлган.
БУ РАҚАМЛАР НИМАНИНГ ҲИСОБИГА?
— Президентимиз тадбиркорларга эътибор қаратилиши кераклигини бекорга таъкидламаяпдилар. Чунки тадбиркор — ҳам иш берувчи, ҳам солиқ тўловчи. Самарқанд шаҳрида туризм йўналишида фаолият юритувчи тадбиркорларга енгиллик бериш билан бир қаторда пандемияга қарамасдан, янги меҳмонхоналар, туристик хизмат кўрсатиш объектлари ҳам фаолиятини бошламоқда. Бундан ташқари, 1 декабрьҳолатига кўра, жами 15 243 та тадбиркорлик субъектлари фаолият кўрсатаётган бўлса, шундан 2020 йил январь-ноябрьойларида янги ташкил этилган хўжалик субъектлари сони – 3 935 та.Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш учун тадбиркорлик лойиҳаларига ажратилган жами маблағ – 1 трлн. 693 млрд. сўм.
ПАНДЕМИЯ “ҚУТҚАРУВЧИЛАРИ” – ИШ БЕРУВЧИ ВА СОЛИҚ ТЎЛОВЧИ ТАДБИРКОРЛАРГА ҚАНДАЙ ЕНГИЛЛИКЛАР БЎЛДИ?
— Муҳтарам Президентимиз томонидан пандемия шароитида тадбиркорлик субъектларини ҳар тарафлама қўллаб қувватлаш бўйича бир қатор Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Шундан келиб чиқиб, 2 603 та кредит шартномалари бўйича тадбиркорлик субъектларининг 704,6 млрд. сўмлик кредит тўловлари муддати узайтирилди.
БЮДЖЕТ ТУШУМЛАРИНИ КЎПАЙТИРИШ УЧУН ЭСА...
— Жорий йилда шаҳарда бюджет тушумларини кўпайтириш учун қўшилган қиймат солиғи ҳамда фойда солиғи тўловчилари йил бошидаги 1,6 мингдан 2,5 мингтага;
- мулк солиғи тўловчилари 2,6 мингтадан 2,8 мингтага;
- ер солиғи тўловчилари 1,8 мингтадан 2,7 мингтага;
- сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўловчилар сони 3,3 мингдан 3,4 мингтага;
- жисмоний шахслар даромадидан солиқ тўловчилар сони 19,7 мингтадан 23,4 мингтага ошди.
Бунинг натижасида 2020 йил якуни бўйича белгиланган 745,2 млрд. сўм режани 805,3 млрд. сўмга етказишни режалаштирганмиз.
ГАП ИСБОТИ БИЛАН
Самарқанд шаҳрининг туризм йўналиши бўйича жадал кетаётган ишларини эътироф этмасликнинг иложи йўқ. Чунки карантин шароитига қарамасдан, янги меҳмонхоналар, сайёҳларга янгича услубда хизмат кўрсатувчи туристик қишлоқ, маҳалла ва кўчалар ҳам ташкил этилганлигининг бевосита гувоҳи бўлганмиз.




Бу сафар эса Самарқанд шаҳар ҳокимининг тадбиркорлик муҳити бўйича қилган мурожаатининг исботи сифатида шаҳарда ташкил этилган “Металл ўрамалар ишлаб чиқариш ва қайта ишлашни ташкил этиш” лойиҳаси билан танишдик. Бу лойиҳа нимаси билан аҳамиятли?




Умумий қиймати 80,0 млн. долларлик биргина ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши билан ҳозирча 170 та иш ўринлари яратилган. Бу эса шунча ҳамюртларимизнинг хонадонига 1,5 дан 3 миллионгача бўлган ойлик маош киряпти, дегани. 2018 йил ишга туширилган заводнинг 2020 йил статистикасига қандай алоқаси борлигини эса қуйидагича тушинтириш мумкин:




Корхона раҳбари Одил Болтаевнинг таъкидлашича, завод пандемия шароитида ҳам узлуксиз ишлаган. Бу эса унинг доимий солиқ тўловчи ва 170 нафар ишчи ва ходимларнинг узлуксиз таъминланганини англатади. Бундан ташқари, лойиҳанинг биринчи босқичида (2018 йилда) 170 та ишчи ишлаган бўлса, корхона фаолиятини кенгайтириши ҳисобига 2020 йил 15 декабрда бу ерда ишловчилар сони 120 нафарга ошади – жами 290 нафар ишчи. 2021 йилнинг 2-чорагида ишга туширилидиган лойиҳанинг 3-босқичида эса яна янги 80 та иш ўрни яратилиб, уларнинг сони 370 нафарга етказилади.
Маълумот учун
Жорий йил якуни бўйича эса Самарқанд шаҳрида қиймати 1 триллион 102 миллиард 842 миллион сўмлик 67 та лойиҳада 1 179 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган бўлса, бу миқдор 2020-2022 йиллар давомида умумий қиймати 3 триллион 249 миллиард 204 миллион сўм бўлган 108 та лойиҳалар амалга оширилиши ҳисобига 4 925 та янги иш ўринларига етказилиши режалаштирилган.
Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ






