Шу кунларда барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари 2020 йил қилган ишлари ва 2021 йил учун мўлжалланган устувор вазифалар юзасидан халқ олдида мурожаатнома ўқиб эшиттиришяпти. Биз ҳам ушбу мурожаатномаларни халққа етказиш учун Фарғона водийсида бўлиб турибмиз. Барча ҳокимлар қаторида 11 декабрь куни Фарғона вилояти Олтиариқ тумани ҳокими Холмирза Ниязов ҳам ўз ҳисоботини ўқиб эшиттирди. Турли соҳаларда эришаётган ижобий натижалари билан бир қаторда таълим тизимидаги камчиликларини ҳам тан олган ҳоким барча учун қизиқ бўлган маълумотлар билан ҳам бўлишди.

Олтиариққа келсангиз, ток ўсмаган биронта хонадонни кўрмайсиз. Ҳаммаёқ токзор. Ҳокимнинг айтишича, бу ерда йил 12 ой “свежий” узумни топишингиз мумкин экан. Узум сақлаш эса санъат даражасига чиққанлигидан ҳайратга тушасиз.




“БОҒДОРЧИЛИКДАН ДАРОМАД АНЧА КЎПРОҚ”
Холмирза НИЯЗОВ, Олиариқ тумани ҳокими:
— Олтиариқ боғдорчилик ва полиз маҳсулотлари етиштиришда мамлакатда етакчилардан ҳисобланади. Бир гектар пахта майдонида ўртача ҳисобда 1 киши банд бўлса, узум экилса 5 киши иш билан таъминланади. Боз устига пахтага нисбатан полиз ва боғдорчиликдан даромад ҳам яхши бўлади. Хусусан, бир гектар ердан олинган пахта 20 миллион сўмга сотилса, шундан 1 миллиони тоза даромад бўлиб қолиши мумкин. Боғдорчиликдан даромад анча кўпроқ бўлади.
УРУҒИДАН ҲАМ ФОЙДА ҚИЛИШ МУМКИН
— Парфюмерия учун энг зарур ёғ – бу узумнинг уруғида бўларкан. Унинг таркибидаги глюкоза танага энг тез сингадиган модда. Уруғни тегирмонга ташлаб, тайёр унини Францияга юборсак, шу уруғнинг ўзидан қанча фойда қиламиз. Кейинги йилда 150 млн. долларлик экспорт қилиш режамизда бор. Бу бўйича хитойлик мутахассислар билан шартнома ҳам тузганмиз. Тез орада узумдан заррача ҳам чиқит чиқмайдиган қайта ишлаш корхонасини қурамиз.
КОРОНАВИРУСНИ ДАВОЛАГАН ШИФОБАХШ СУВ
— Пандемиянинг мамлакатмизга етиб келган илк пайтларида Ёзёвон туманида аниқланган Туркидан келган коронавирус беморлари бизнинг Олтиариқ санаторийсида карантинга олиниб, тез орада даволаниб чиқишди. У ерда ер тагидан шифобахш қайноқ сув чиқади.67 нафар коронавирусга чалинган беморлар мана шу сУвни ичиб, бошқа тиббий муолажаларни ҳам олишди. Шундан сўнг бу сув жуда оммалашиб кетди. Бу ҳам муассаса учун яхши реклама бўлди. Ҳозир санаторийда бирорта ҳам бўш ўрин йўқ.Сувимизга эса талаб жуда катта. Масалан, Қирғизистондан йирик қизиқиш бор ва у ерга қадоқланган сувни юк машиналарида экспорт қилмоқдамиз.
ҲАР ҲОВЛИДА УЗУМЗОР – ТУМАНДА КАМБАҒАЛЛИК ДАРАЖАСИ ҚАНДАЙ?
— Сектор раҳбарлари томонидан ўтказилган хатловлар натижасида аниқланган 3084 та эҳтиёжманд оилалардаги 14048 нафар фуқаролар “Темир дафтар”га киритилди. Шу кунгача ишсиз бўлган 2267 оилалардаги 10326 нафар фуқаролардан 2503 нафари иш билан таъминланди. Туман кенгашининг қарори ва фуқароларнинг шахсий мурожаатларга асосан 2008 та оиладаги 9648 нафар фуқаролардан 2202 нафари иш билан таъминланганлиги сабабли “Темир дафтар”дан чиқарилди. Хозирги кунда “Темир дафтар”да 1076 та оила 4400 нафар фуқаролар қолмоқда.
ТУМАНДА ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИГА КИРИШ КЎРСАТКИЧИ 23,4 ФОИЗ
— 2019-2020 ўқув йилида туманда жами 2751 нафар ўқувчилар 11-синфни тамомлаб, улардан 647 нафар олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинди. Туманда олий таълим муассасалари кириш бўйича 23,4 фоизни ташкил этади.
РИВОЖЛАНАЁТГАН ОЛТИАРИҚ ТУРИЗМИ
— Туманда 2 та хостел-квартира, 24 та оилавий меҳмон уйлари 3 та тур оператор фаолият олиб бормоқда. Туманда замонавий жойлаштириш воситалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар, шунингдек замонавий муҳандислик инфратузилма объектларини ўз ичига олган туристик-рекреацион зонани ташкил этиш бўйича “Қизилтепа қишлоғи зарурий шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифлар тайёрланмоқда. Олтиариқ туманининггеографик жойлашуви ва шифобахш табиати айниқса Зилҳа МФЙ ҳудудидаги қум барханларига бир неча йиллардан буён даволаниш ва дам олиш мақсадида минглаб саёхатчилар ташриб буюриб келмоқдалар. Келгусида мазкур ҳудудга ташриф буюрувчилар учун янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида ушбу қум барҳанларига туташ ерларга енгил конструкцияли туризм инфратузилма объектлари барпо этилиши кўзда тутилган.
ШУНИНГДЕК, ЗИЁРАТ ТУРИЗМИ ҲАМ...
— Туманда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича имконият жуда ҳам юқоридир. Туманда Зийрак мозор тепалиги, Дўсти Худо Пирим зиёратгоҳи, Улуғ Можи она мақбараси, Бобо Қамбар зиёратгоҳи, Шохи Толиб зиёратгоҳи, Саримсоқ хўжа зиёратгохи, Валихонтўра зиёратгоҳи, Бобо Аҳтам зиёратгоҳлари бундан ташқари, туманимизда Мухаммад Юсуф Эшон мақбараси, Шермухаммад Охунд мақбараси ва XIX асрга тегишли бўлган Қалъа масжиди мавжуд бўлиб, ушбу зиёрат масканларига шу кунга қадар кўплаб маҳаллий ва хорижлик меҳмонлар ташриф буюриб келмоқдалар. 2021 йилда Зийрак мозор тепалиги, Дўсти Худо Пирим зиёратгоҳи, Улуғ Можи она мақбараси, Бобо Атҳам зиёратгоҳларни қайта таъмирдан чиқариш ҳам ушбу зиёрат масканларида туризм хизматлари турларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Сардорбек Раҳмонқулов





