Ижтимоий тармоқларда "Жиззахда ИИБга тегишли автомобиль қоидани бузди" сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалган эди.
Видео лавҳада Жиззаҳ шаҳрида вилоят ИИБга тегишли бўлган "Нексия" русумли, 25 021 VSF давлат рақам белгили хизмат автомашинаси ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларининг 2-банди, 41-бандида ҳамда чап томонга бурилиш вақтида қоидаларнинг чап томонга бурилиш вақтида қоидаларнинг 45-бандида белгиланган талабларни бузиб ҳаракатланганлиги акс этган.
Маълумот учун:
2-банди - Ўзбекистон Республикаси йўлларида транспорт воситаларининг ўнг томонлама ҳаракатланиш тартиби белгиланган.
41-банди - Светофорнинг ёки тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида ҳайдовчилар транспорт воситасининг энг олдинги нуқтаси тўхташ чизиғи устига чиқиб кетмаган ҳолда чизиқ олдида тўхташи керак.
45-банди - Ҳайдовчи ҳаракатланишни бошлашдан, қайта тизилишдан, бурилиш (қайрилиб олиш)дан ва тўхташдан олдин тегишли йўналишни кўрсатувчи ёруғлик ишораларини ёқиши, улар бўлмаганда ёки ишламаганда қўл билан ишоралар бериши шарт.

Маълум қилинишича, "Нексия" хизмат автомашинаси бириктирилган ҳайдовчига нисбатан ЙПХ ходими томонидан белгиланган тартибда баённома расмийлаштирилган. Вилоят ИИБ ЙҲХБ маъмурий амалиёт масъул ходими томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 34-моддаси иккинчи қисми тартибида ҳайдовчига нисбатан БҲМнинг 10 баравари, яъни 2 230 000 сўм миқдорида жарима тайинланди.
Маълумот учун: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 34-моддаси - башарти шахс бир неча маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган бўлиб, шу ҳақдаги ишлар бир вақтнинг ўзида айни бир орган (мансабдор шахс) томонидан кўриб чиқилаётган бўлса, бу шахсга нисбатан қўлланиладиган узил-кесил жазо оғирроқ маъмурий жазони назарда тутувчи санкция доирасида қўлланилади.







