Жорий йилнинг 15-18 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида анъанавий маданий мерос ҳафталиги ва «Ўзбекистоннинг маданий мероси – янги Ренессанс пойдевори” IV Халқаро конгресси бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик. Ҳафталикнинг муҳим тадбири 15 декабрда Ёшлар ижод саройида очилиш маросими билан бошланади. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маданий мерос ҳафталиги аҳамияти тўғрисида фикр билдирди:
– Маданий мерос ҳафталигида энг йирик экспертлар қатнашиб, ўзларининг Ўзбекистонда қўлланаётган ислоҳотлар, моддий ва номоддий маданий меросга бўлаётган эътибор тўғрисида ўз фикрларини билдиришади. Ўйлашимча, ҳозирги пандемия даврида қанчалик қийин бўлишига қарамасдан, шу тадбирни ўтказаётганимиз Ўзбекистоннинг маданий меросга эътибори кучли эканлигинининг яна бир намойиши бўлади.
Ўзбекистонга бефарқ бўлмаган айрим олимларимиз, етук мутахассисларимиз афсуски, пандемия сабабли бу сафар ўзлари бевосита ташриф буюриб, ҳафталикда қатнашишининг иложи бўлмаяпти. Шунга қарамасдан, 40 га яқин турли давлатлардан энг йирик мутахассислар Ўзбекистонга келиб, тадбирларда қатнашадиган бўлдилар. Ҳафталик доирасида, албатта, маданий мерос бўйича халқаро конгресс ҳам бўлиб ўтади.
Ўйлаймизки, бу бўлаётган тадбирлар Ўзбекистоннинг маданий меросини асраб, ривожланиб келаётганлиги ҳақида ҳаммага маълумот бериш билан биргаликда, жудаям катта тарғибот-ташвиқот ишларига ҳам асос солмоқда. Айтиб ўтиш керакки, Маданий мерос ҳафталиги Юнеско билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Бу тадбир орқали халқаро мутахассислар билан фикр алмашиб, маданий мерос намуналарини тадқиқ қилиниши жараёнлари қандай кечаётгани, Ўзбекистон яна қайси масалалар устида ишлаши зарурлиги ҳақида хулоса қиламиз, янги фикрлар, янги ғоялар, янги ёндашувларга эга бўламиз ва бу платформа олимларимиз ҳамда мутахассисларимизга фикр ва тажриба алмашув майдони бўлиб хизмат қилади.






