Аввал хабар берганимиздек, бугун Тошкент шаҳрида анъанавий Маданий мерос ҳафталиги ўз ишини бошлади.
Бўлиб ўтаётган «Ўзбекистоннинг маданий мероси - Янги Уйғониш даври пойдевори» IV Халқаро конгресси доирасида таниқли олим, АҚШдан келган тарихчи Фредерик Старр келажакда сайёҳлар ўз саёҳатлари жараёнидаги таассуротларни «жонли» ҳис қилишлари учун Ўзбекистон меъморий ёдгорликларини виртуал реконструкция қилишни таклиф қилди.
«Бундай лойиҳа сайёҳлик ва қадимий ёдгорликларни сезиларли даражада бойитиши ва, албатта, музей коллекцияларини кенгайтириши мумкин. Ушбу виртуал қайта қуриш келажак авлодларга ўз тасаввурида ўтмишни қайта тиклашга имкон беради. Бу Ўзбекистон заминида азалдан тараққий топган қурилиш санъати услублари ва намуналарини тарғиб қилиш орқали жаҳон архитектураси тарихини бойитиш учун катта имконият яратади. Айнан шу жиҳати билан муҳим аҳамиятга эгадир », - деди Фредерик Старр.
"Даракчи" мухбири
Марям САТТОРОВА






