200,5 квадрат километр ҳудуд, 72,8 минг нафар аҳолисига эга бўлган кичик Бўстон туманига Андижон вилоятдаги ягона аёл ҳоким – Садбархон Мамитова раҳбарлик қилади. Бугун 15 декабрь куни ҳокимнинг 2020 йилда қилган ишлари ва 2021 йилги режалари юзасидан халққа мурожаатномаси тингланди. “иссиқина” дея таъриф берилган лойиҳа ҳақидаги маълумотларни мақола сўнгига қолдириб, ҳисоботнинг айрим аҳамиятли қисмлари билан сизларни таништириб ўтсак...

Ҳокимлар халққа ҳисобот берар экан, ҳокимлик жамоасининг бир йилда эришган ижобий кўрсаткичларидан фахрланиш билан бир қаторда, камчиликларидан ҳам хулоса қилишлари, уларни тан олишлари керак. Ютуқлар эса фақат статистик рақамларда эмас, халқнинг иқтисодий-ижтимоий ҳаётида ҳам ўз аксини топган бўлиши лозим.
АМАЛДАГИ СТАТИСТИКА
Садбархон Мамитованинг айтишича, 2019 йилнинг якунийҳисоботларига кўра Бўстон тумани рейтинг кўрсаткичи 16.35 баллга баҳоланиб, “сариқ” ҳудудлар қаторига тушган. Саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг 9 ойлиги якунлари билан эса мазкур рейтинг кўрсаткичи 19.28 баллга баҳоланиб, туман “сариқ”дан “яшил” ҳудудлар қаторига қўшилган.

6 ОЙДА 10-ДАН 3-ЎРИНГА КЎТАРИЛГАН ҲОКИМЛИК
“Бундан ташқари, Республика бўйича 12 туман ва шаҳарлар танлаб олиниб, ушбу туманларнинг олдида бош бўлиб турган давлат фуқаролик хизматчилари, яъни ҳоким ва унинг ўринбосарлари томонидан функционал мажбуриятлари ва топшириқларни ижро этилишининг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш учун қўлланиладиган ва миқдоран ўлчаш мумкин бўлган баҳолаш индикатори (КPI) ташкил этилган. 2020 йилнинг 1 чораги якунлари билан ушбу танлаб олинган 12 туман ва шаҳарлар ичидан Бўстон тумани ҳоким ва ўринбосарлари рейтинги 251,8 баллни ташкил этиб, 12 та туман ичида 10-ўринга лойиқ деб топилган. Бундан хулоса чиқариб, туманда рейтинг кўрсаткичларга таъсир этувчи омилларни баҳолаб чиқиб, ушбу таъсир этувчи омилларни натижадорлигини ва самарадорлигини ортиши натижасида жорий йилнинг 9 ой якунлари билан жами 563,3 балл тўплаб, 12 та туман ичида 3-ўринга кўтарилишга эришдик”, – дейди ҳоким.
ТАЪЛИМДА ҲАМ ЎСИШ
Мурожаатномада келтирилган маълумотларга биноан, 2019-2020 ўқув йилида ўтказилган Миллий рейтинг натижаларига кўра Бўстон тумани 37,57 балл билан вилоятда 4-ўринни (2018-2019 ўқув йилида 10-ўрин) ва республикада 34-ўринни (2018-2019 ўқув йилида 84 ўрин) эгаллаган бўлса, 26-ДИМИ ва 48-ДИМлар республикада ихтисослаштирилган мактаблар ўртасида биринчи ўнталикдан ўрин олган.
“ИССИҚҚИНА”
Бу таъриф айни изғиринли кунларда қулоққа яхшироқ эшитилади. Ҳоким Садбархон Мамитованинг таҳсинга сазовор лойиҳаларидан бири – бу мактаб, боғча ва шифохоналарда янги Турк технологиялари асосида иситиш тизимининг жорий этганлигидир.
“Туманда 26 та мактаб бор. Шундан 16 таси янги иситиш тизимига ўтказилди. Бу тизим объектнинг катта-кичиклигига қараб, 30 дан 100 млн. сўмгача баҳоланади ва 16 йилга кафолат ҳам беради. Мактаблардан ташқари, биз бу лойиҳаларни туманимиздаги шифохона ва мактабгача таълим ташкилотларига ҳам жорий қиляпмиз. Болаларимиз маза қилиб иссиққина хоналарда дарс ўтишяпти. Беморларимиз ҳам ҳурсанд!” – дейди Садбархон Мамитова.
Бўстон тумани Мактабгача таълим бўлими мудири Мавлуда Собированинг маълумот беришича, туманда мавжуд “боғчалар”да мазкур иситиш технологияларини қўллаш натижасида 2019 йилда болаларни МТТларга қамраб олиш даражаси 29 % бўлган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 88 %га етган.
“ХАЛҚҚА ТУШУНТИРСА, ХАЛҚ ТУШУНАДИ”
Тумандаги оғриқли масалалардан бўлган газ, электр ва сув таъминоти муаммоларига тўхталар экан, Садбархон Мамитова туман мутасаддиларини халқ билан тизимли ишлашга чақириб, муаммоларни вақтида ҳал қилишолмаса ҳам, мавжуд муаммолар юзасидан халлқа тушунтириш бериш кераклиги таъкидлади. “Халққа тушунтирса, халқ тушунади”, - дейди ҳоким.
Сардорбек Раҳмонқулов






