Аччиққина қизил қалампирли Риштон оши ҳақида ортиқча таъриф шарт эмас. Унинг донғи дунё бўйлаб ёйилган. Бу ошни татиб кўрмаганлар эса Фарғонанинг Риштонига келишлари ва бу лаззатдан баҳра олишлари керак бўлади. Ҳам сайёҳат, ҳам тижорат деганларидек, бу ерда машҳур ошни ейиш билангина чекланмайсиз. Ошни еб бўлиб, қоринни тўқлаб бўлган бўлсангиз, унда сизни туманнинг ташриф қоғозига айланиб улгурган икки жойга олиб борамиз. Қани, кетдик!

Қарийб саккиз юз йиллик тарихга эга Риштон кулолчилиги бугунгача замон билан баравар ривожланиб келяпти. Янги технологиялар асри ҳуддики бу соҳани четлаб ўтгандек. Туманда жойлашган Кулолчилик маркази ўз маҳсулотлари билан турли давлатлар сайёҳларини ўзига жалб этиб келади.








Бу масканга кирсангиз, ранглар жилосидан кўзингиз қамашиб, ўзингизни эртаклар оламида ҳис қиласиз. Бу ерда ташкил этилган музейда кайфиятингизни кўтарувчи кичик сопол сувенирларидан тортиб, йирик 2 метр 70 сантиметрли кўзани ҳам кўришингиз мумкин.

Кулолчилик маркази раҳбари Равшанжон Тожидиновнинг айтишича, бу улкан кўзалар ЮНЕСКО ташкилотига совға қилиш учун сақланмоқда. Уларни ҳатто Гано республикасидан келган сайёҳларга 20 минг АҚШ долларига ҳам сотмаган.

Ушбу маҳсулотлар учун керак бўладиган ҳом ашё – лой фақатгина Риштон ҳудудида мавжуд экан. Оддий лойнинг кўз ўнгингизда шундай санъат асарига айланиши руҳиятингизга ором беради. Шу кичик масканда 70 дан ортиқ уста кулоллар 300 дан ортиқ турдаги қўл меҳнати намуналарини ясашади.












Олам-олам завқ олиб, ўзингизга ёққан кулолчилик маҳсулотларидан ҳарид қилиб бўлган бўлсангиз, Риштонга келиш учун 3-сабаб бўлган Ўзбекистонда ягона Кулолчилик маҳалласига борамиз.

Бу ернинг ўзига хослиги шундаки, 1,1 гектар майдонда 19 млрд. сўмга бунёд этилган ушбу маҳаллада фақат уста ҳунармандлар яшаб, ҳам ижод, ҳам тирикчилик қилишади. Ҳар бир икки қаватли бинода битта ҳунармандлар оиласи истиқомат қилишади. Бинонинг 1-қаватида улар ўз ижод намуналарини сотиш учун шоурум ташкил қилинган бўлса, 2-қавати эса ҳунармандлар учун уй-жой вазифасини бажаради.


20 та ҳунармандлар оиласи яшаши учун мўлжалланган ҳар бир хонадон 4 сотихли майдонга эга. Маҳаллага ташриф буюрган сайёҳ ўзи хоҳаласа, кулолчилик ишлари жараёнларини бевосита кузатиши, маҳсулот ясаш ишларида ўзи ҳам уриниб кўриниши мумкин бўлади. Тез орада очилиши кутилаётган кулоллар маҳалласи Риштон туманининг ташриф қоғозларидан бирига айланишига ишонамиз!
Сардорбек Раҳмонқулов






