Айни пайтда Андижон вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг 2020 йилда қилинган ва 2021 йилда қилиниши режалаштирилган ишлари юзасидан халққа мурожаати ўқиб эшиттириляпти. Мурожаатномада келтирилишича, вилоятдаги ўсиш кўрсаткичларининг асосий улуши чекка ҳудудларга тўғри келиб, буни ҳоким туманлардаги текстил корхоналарининг ташкил этилиши билан изоҳламоқда, дея хабар беряпти “Даракчи” мухбири.

ИЖТИМОИЙ НАФАҚАЛАР МИҚДОРИ ОШИРИЛАДИ
Иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари билан бир қаторда Шуҳратбек Абдураҳмонов қуйидаги рақамларга ҳам эътибор қаратиб, ижтимоий масалалар учун ажратиладиган маблағларнинг қарийб 2 бараварга оширилишига ваъда берди:
- 2020 йил якуни билан вилоятда аҳоли жон бошига умумий даромадлар ҳажми 10,3 млн.сўмни, реал даромадлар ҳажми 8,6 млн.сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 106 фоизга тенг бўлиши кутилмоқда.
- Жорий йилда ижтимоий ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд аҳоли учун нафақа миқдори ўтган йилга нисбатан 2 баробар кўпайтирилди. Жумладан, аҳолини ижтимоий қўллаб қувватлаш мақсадида жорий йилда қарийб 111 минг нафар кам таъминланган оилаларга маҳаллий бюджетидан 286 млрд. сўм ижтимоий нафақалар тўлаб берилди.
- 2020 йил 1 декабрь ҳолатига пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 358 минг нафарга яқинлашиб, йил бошига нисбатан 14 минг нафарга кўпайди. Ишлаётган 10 минг нафар пенсионерларга пенсияни тўлиқ тўлаш тартиби жорий этилди.
- Келгуси йилда вилоят маҳаллий бюджетидан ижтимоий нафақаларни молиялаштириш учун 468 млрд. сўм маблағ ажратилиши режалаштирилмоқда.
“Кеча президентимизга презентация қилдик. Олтинкўл туманида 100 гектар майдонда катта саноат зонаси ташкил қиламиз. Автосаноат билан ҳамкорликда ташкил қилинадиган бу лойиҳада бошланишида 2 500 та, 2022 йилда эса 10 000 талик иш ўринлари яратилади. Бу рақамларда ёлғон йўқ”, - дейди ҳоким.

Сессия давом этмоқда. Бизни кузатиб боринг!
Садорбек Раҳмонқулов






