Андижон вилоятининг 2020 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари ва 2021 йилнинг устувор режалари юзасидан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг Мурожаатномаси ўқиб эшиттирилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳоким пандемия шароитидаги экспорт ҳажми ҳақида маълумот берди.

Жорий йилда вилоятда 513 млн. долларлик маҳсулотлар экспортини амалга ошириш белгиланган бўлиб, январь-ноябрь ойларида 460 млн. долларлик (11 ойлик прогнозга нисбатан 100%, йиллик 90%) экспорт амалга оширилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга ёки 106 млн. долларга ортди. Экспорт режасини таъминлаш мақсадида 267 та янги экспортчи корхоналар экспорт фаолиятига жалб этилиб, улар томонидан 191 млн. долларлик маҳсулотлар экспортга чиқарилди.
“КАМЧИЛИКЛАРНИ ҲАМ ТАН ОЛИШИМИЗ КЕРАК!”
— Саноат маҳсулотлари экспорти режаси 1,3 баробарга таъминланган бўлсада, мева-сабзавот маҳсулотлари учун белгиланган 143 млн. долларлик экспорт режаси вилоятда мева-сабзавот маҳсулотлари пишиб етилган вақтда Коронавирус пандемияси туфайли кўплаб давлатларинг чегаралари беркитилиш ҳамда эпидемия олдини олиш мақсадида ташқи савдо алоқаларининг тўхталиши натижасида, 70 млн. долларлик (41%) мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилиниб, режани тўлиқ бажариш имкони бўлмади.
ЯНГИ МАҲСУЛОТЛАР ЭКСПОРТИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛГАН
Ҳокимнинг айтишича, пандемия шароитида 7 турдаги янги маҳсулотлар экспортга чиқарилган. Жумладан, асалари уяси, этил спирти, конфетлар, музлатилган олча, тиббиёт маскаси, комбинзони ва қўлқопларининг экспорти йўлга қўйилган. Экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида 8 та янги давлатга, жумладан АҚШ, Италия, Исроил, Монголия, Бангладеш, Греция, Миср ва Руминия давлатларига илк маротаба маҳсулотлар экспорт қилинди. Натижада бугунги кунда Андижондан 50 турдаги маҳсулотлар дунёнинг 37 та давлатига экспорт қилинмоқда.
ЭКСПОРТЧИЛАРГА ҚАНДАЙ ЕНГИЛЛИКЛАР БЕРИЛГАН?
“Бундан ташқари, вилоятдаги 19 та экспортёр корхоналарга 2,8 млрд. сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилди. Шу билан бир қаторда ҳисобот даврида 72 та корхонанинг экспортдан ҳосил бўлган 153 млрд.сўмлик қўшилган қиймат солиқлари қайтарилиб берилди. Тижорат банклари томонидан 42 та корхоналарнинг айланма маблағларини тўлдириш учун январь-ноябрь ойларида 260 млрд. сўм кредит маблағлари ажратиб берилди. 2020 йилда вилоят учун белгиланган 513 млн. долларлик экспорт режаси таъминланиши учун декабрь ойида яна 54 млн. долларлик маҳсулотлар экспорти амалга оширилиб, йиллик режани тўлиқ бажариш чоралари кўрилади. 2021 йил учун 176 та корхоналар томонидан 466 млн. долларлик саноат маҳсулотлари ва 100 млн. долларлик мева-сабзавотлар жами бўлиб 566 млн. долларлик экспорт амаллари бажарилиши режалаштирилмоқда”, - дея ҳисоб беряпти ҳоким.
Бироздан сўнг вилоятдаги уй-жой, йўл қурилиш ва газ, электр ҳамда ичимлик суви йўналишлари бўйича муҳим маълумотларни тақдим этамиз.
Сардорбек Раҳмонқулов






