Бугун, 16 декабрь санасида Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан пресс-тур ташкиллаштирилди. Пресс-тур давомидаги илк ташрифимиз Сидарё тумани "NOVUGEN PHARMA" МЧЖ корхонасига бўлди...
Корхона директори Жалолиддин Насриддинов "NOVUGEN PHARMA" МЧЖ корхонаси тумандаги қатор инвестиция лойиҳалари қатори ўз фаолиятини бошлагани, корхонанинг лойиҳа қиймати 5 млн. долларни ташкил қилиши ҳақида маълумот берди. Ускуналар Хитой давлатидан олиб келинган экан. Маълум бўлишича, корхонада йилига 770 минг дона дори воситалари ишлаб чиқариш қувватига эга, 100 та иш ўрни яратилган.

Жалолиддин Насриддинов, корхона директори: — Корхонамиз Малайзия давлати билан ҳамкорликда фаолит олиб боради, экспорт масаласида ҳам мазкур ҳамкорлик катта фойда беряпти. Ҳозирда корхонамизда бир неча турдаги янги дори воситалари ишлаб чиқариляпти. Уларни асосан европага экспорт қилиш кўзда тутилган. Натижада экспортдан тушган фойда орқали бир йилдан сўнг юртимиздан сотиладиган дорилар нархининг ҳамёнбоплиги таъминланади. Шунингдек, маҳсулот экспорти учун Қирғистон ва Тожикистон республикалари билан шартномалар тузилган.

Кейинги объектимиз эса Сирдарё тумани “REKA-MED FARM” МЧЖ корхонаси бўлди. Мазкур корхона 2005 йил 20 апрелда ўз фаолиятини бошлаган. Йилига 15 млн. дона инфузион эритмали дори воситалари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган корхонанинг лойиҳа қиймати 1.2 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Корхонада 300 та иш ўринлари яратилган. 2020 йилнинг хисобот даврига қадар корхона томонидан Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия давлатларига жами қиймати 550,0 минг АҚШ доллар миқдорида маҳсулотлар экспорти амалга оширилган.
Моҳинур РУСТАМОВА, Сирдарё вилояти






