Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида қиш мавсумига тайёргарликда йўл қўйилган камчиликларни ҳал этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.
Таъкидланганишича, электр энергияси бўйича энг кўп танқислик Самарқандда суткасига – 1,6 миллион киловатт-соат, Андижон, Фарғона ва Қашқадарёда – 1,5 миллион киловатт-соатдан, Наманганда – 1,3 миллион киловатт-соатни ташкил этган. Бу ҳақда uza.uz ёзди.
Энг кўп узилишлар Сурхондарёда – 7 соатгача, Қашқадарёда – 6 соатгача, Фарғона ва Андижонда – 5 соатгача, Самарқандда – 3 соатгача, Бухорода – 2 соатгача кузатилган. Ушбу узилишларга асосан иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг электр энергиясига талаби кундан-кунга ошиб бориши, шунингдек, тақсимловчи тармоқларнинг 60 фоизи эскиргани сабаб бўлаётгани қайд этилди.
Охирги 3 йилда электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича мустақиллик йилларида амалга оширилмаган ишлар бажарилди. Тўрақўрғон ва Тахиатошда – 2 тадан, Навоий ва Тошкент иссиқлик станцияларида – 1 тадан янги энергоблоклар ишга туширилди. Ушбу ИЭСларнинг умумий қуввати 2 минг 280 мегаваттни ташкил этади.