АсосийЖАМИЯТ

“167 та давлат билан шартнома тузганмиз. Лекин почтамиз 53 та давлатга маҳсулот етказиб берар экан” – Марғилон ҳокими

Марғилон шаҳри “водий”даги энг гўзал, шу билан бирга, тарихий-маданий жиҳатдан ҳам бой шаҳ...

'“167 та давлат билан шартнома тузганмиз. Лекин почтамиз 53 та давлатга маҳсулот етказиб берар экан” – Марғилон ҳокими'ning rasmi

Марғилон шаҳри “водий”даги энг гўзал, шу билан бирга, тарихий-маданий жиҳатдан ҳам бой шаҳарлардан бири. Отабек ва Кумушни эслаганда, атлас ва адрасни кўрганда навқирон ва гўзал бу шаҳар кўз ўнгимизда гавдаланади. Бугунги замонавий Марғилон аслида қандай? У ерликларнинг турмуш шароитлари, бандлиги, ижтимоий ҳимоя таъминоти-чи? Бу ҳақда 12  декабрь куни Марғилон шаҳар ҳокими Адҳам Зиявутдинов ўзининг 2020 йилда шаҳарда қилган ва 2021 йил учун қилиниши режалаштирилаётган ишлари юзасидан халққа Мурожаатномасида тўхталиб ўтди. 

ИЖТИМОИЙ НАФАҚА ОЛУВЧИЛАР 2,5 БАРАВАРГА ОШГАН

— Ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш йўналишида, хусусан, ижтимоий нафақалар учун жорий йилда аҳолига 13.9 млрд. сўм маблағлар тўлаб берилди (ўтган 2019 йилда 6.7 млрд. сўм бўлган). Ҳозирда, декабрь ойи ҳолатига умумий ҳисобда 4430 та оилага 2 ёшгача, 14 ёшгача ва моддий ёрдам маблағлари тўланмоқда. Мисол учун, январь ойида жами 1745 та оилага ижтимоий нафақалар тўланган бўлиб, йил бошига нисбатан нафақа олувчи оилалар миқдори 2.5 баробарга ошди. Бу эса, ўз навбатида шаҳардаги умумий оилалар сонининг 8 фоизини ташкил этади.

2019-2020 ЙИЛЛАРДА ЖАМОАТ ИШЛАРИДАГИ ЎРТАЧА ОЙЛИКЛАР ФАРҚИ

— Бандлиги таъминланмаган фуқароларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш орқали жорий йил январь-ноябрь ойларида жами 3106 нафар фуқароларга 2.0 млрд. сўмдан зиёд иш ҳақлари тўлаб берилди – ўртача 644 минг сўм ойлик. (Ўтган 2019 йилда 2466 нафар фуқаро учун 1.8 млрд.сўмни ташкил этган – ўртача 729 минг сўм ойлик). 

УЛАР ҚАЕРЛАРГА ИШГА ЖОЙЛАШТИРИЛГАН?

— Таҳлил этиладиган бўлса, ушбу контингентни турли йўналишлар:

  • маҳалла фуқаролар йиғинлари орқали 1561 нафар;
  • ободонлаштириш бошқармаси орқали 155 нафар;
  • тадбиркорлик субъектлари орқали 659 нафар;
  • ДСЭНМ орқали 557 нафар ва бошқа йўналишлар бўйича 174 нафар фуқаролар ҳақ тўланадиган ишларга жалб этилган.

Бундан ташқари, ишсиз деб эътироф этилган 212 нафар фуқаро касб-ҳунарга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича ўқишга юборилди ҳамда ушбу мақсадлар учун стипендия ва ўқитиш харажатлари сифатида 87.8 млн.сўм маблағлар тўлаб берилди. 153 нафар фуқаролар ишсиз деб эътироф этилиб, ишсизлик нафақаси тайинланди. 

"ОТАБЕК ВА КУМУШНИНГ УЙИ ҚУРИЛАДИ"

— Марғилонда Узунҳовуз деган тарихий жой бор. Шу ерда 50 сотих майдонда жойлашган эски маҳалла бор. Ҳар қанча снослар ва янги қурилишлар бўлса ҳам, мана шу маҳаллани бузишга бермадик. Отабек ва Кумушнинг уйини айнан шу ердан қуришни ният қилганмиз. Бу бўйича маршрут ҳам тузилган, лойсувоқли уйлардан иборат эски маҳалла ташкил этишни ҳам мақсад қилганмиз. Афсуски иш кўпайиб кетиб, ташаббус сал тўхтаб қолди. Аммо лойиҳадан буткул воз кечганимиз йўқ, 2021 йилда шу ишни амалга оширамиз.

МУАММОЛАР ХУСУСИДА: ТАЛАБ БОР, ТАКЛИФ...

— Тадбиркорларимиз турли давлатлардаги санъаткорлар, машҳур инсонлар учун ҳам буюртмалар олиб, кийим тикишади. Пандемия давомида муаммо бўлиб қолди. Бир тадбиркоримизнинг 10 млрд. сўмлик гиламдан тайёр кийимгача бўлган маҳсулоти бор экан. Ҳали бу тизимга ўрганмаган эканмиз-да: Почтамиз 53 та давлатга маҳсулот етказиб берар экан. Лекин 167 та давлат билан шартнома тузганмиз. 

Сессия якунлангач, Марғилон шаҳридаги уста Иброҳимжон Султонов ташаббуси билан давлат-хусусий шериклик асосида қурилган Ҳунармандлар маркази фаолияти билан ҳам танишдик. 200 дан ортиқ турдаги атлас ва адрасларнинг қўл меҳнати асосида тайёрланиши кўриб, ҳам қойил қолдик, ҳам ранглар жилосидан ҳайратга тушдик. Изоҳни эса ўзингизга қолдирамиз.

 

 

Сардорбек Раҳмонқулов

 

    Бошқа янгиликлар