Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Обод қишлоқ” дастури натижасида Тошкент вилояти Чиноз туманидаги Эшонобод қишлоғи ҳам обод бўлди.
3 минг нафардан зиёд аҳоли яшайдиган ҳудуддда катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари натижасида “Эшонобод” бамисоли мўъжаз шаҳарча кўринишини олган.
Ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, тотувлик, бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшадиган янги объектларни фойдаланишга топширишга бағишланган тадбирлар том маънодаги дўстлик байрамига айланди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари, миллий маданий марказлар вакиллари жам бўлган ушбу тадбирларда Россия Федерацияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикаларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчилари ҳам иштирок этди.
Қишлоқнинг исми жисмига мос Файзобод кўчасида қад ростлаган замонавий маҳалла марказида барча имконият яратилган.
Жумладан мўъжаз кутубхона ва мутолаа зали, тумандаги Халқ қабулхонаси, Давлат хизматлари марказининг шохобчалари, 3-сектор штаби, тиббиёт пункти, банк филиали каби одамларга хизмат қиладиган объектлар ташкил этилган.
Қишлоқда янги барпо этилган маданият саройи 200 ўринга мўлжалланган бўлиб, мазкур маданият ва санъат ўчоғи кўп миллатли қишлоқ ёшларининг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъат, компьютер технологиялари билан машғул бўлиши учун ниҳоятда катта имкониятдир.
Бу ерда бешта муҳим ташаббус, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида яратилган шароитлар, турли тўгараклар мавжуд. Аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, дам олиш шароитларини яхшилаш учун “Китобхонлар боғи”нинг барпо қилиниши – қишлоқ ҳаётида катта воқеликдир.
Бу хиёбон – мамлакатимиз ва жаҳондаги энг нодир меъморий обидаларнинг ихчам макетларини ўзида мужассам этган.
Аҳолини, айниқса, хотин-қизларни иш билан таъминлаш орқали уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш “Обод қишлоқ” дастурининг бош мақсадларидан бири. Эндиликда қишлоқда яшовчи чеварлар замонавий тикув корхоналарида меҳнат қилиб, рўзғорига барака киритмоқда.
Олис бир ҳудудда марказдагидан асло қолишмайдиган корхона қурилгани, икки сменада 500 нафар хотин-қиз томонидан замонавий андозалар асосидаги кийимларни тикилаётгани, маҳсулотларни экспортга чиқариш ҳам бошлангани меҳмонлар томонидан эътироф этилди. Аҳамиятлиси, шу ерда хотин-қизларга тикиш-бичиш сир-асрорини ўргатувчи 200 ўринли замонавий ўқув маркази ҳам иш бошлади. Корхона ойига 6 минг дона кийим-кечак тайёрлаш қувватига эга.








