Бухорода бўлиб ўтган китобхонлик танлови ғолиблари автомобиллар ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Мамлакатимизда Президентнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори ҳамда ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этилмоқда.
Шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар ва Халқ таълими вазирликлари, жойларда вилоят ҳокимликлари билан ҳамкорликда “Китоб маркази”-“Китоб дунёси” тармоқ савдо марказлари томонидан “Энг китобхон мактаб” лойиҳасининг Бухоро вилоятидаги тадбирлари ўтказилмоқда.

Бугун, 17 декабрь куни ана шу нуфузли тадбирнинг биринчи босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.

Бухоро шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ўтказилган тадбирда шаҳар ва туманлар халқ таълими бўлими мудирлари, умумтаълим мактаблари директорлари, ташкилотчи муассасалар, ҳуқуқ тартибот идоралари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, барча шаҳар ва туманларимизда китоб ярмаркалари, кўргазмалару танловлар ташкил этилмоқда. Бу борадаги ишларнинг кўнгилдагидек амалга оширилишига кутилмаганда пайдо бўлган коронавирус пандемияси тўсқинлик қилди. Шундай бўлса-да, айнан карантин даврида фарзандларимизнинг кўнгилдагидек илм олиши, мутолаа қилишдан тўхтаб қолмаслиги борасидаги хайрли ишлар давом этмоқда.

Вилоятда бошланган “Энг китобхон мактаб” лойиҳаси ана шундай эзгу ташаббуснинг ифодасидир. Лойиҳа доирасида вилоятдаги жами 533 та умумтаълим мактабида таҳсил олаётган 323 минг 800 нафардан зиёд ўқувчи, шунингдек, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчилар учун китоб байрамлари ташкил этилиб, ана шу тадбирлар давомида улар сифатли ва мазмунли адабиётлар билан таъминландилар.

Аниқроғи, билимга чанқоқ ўғил-қизларимиз ҳамда китобсеварларимиз жорий йилнинг 7 октябрь кунида бошланиб, бугунга қадар давом этган китоб савдо ярмаркалари доирасида 3 минг турдаги 200 мингдан ортиқ китоблар – болалар адабиёти, бадиий ва фанларга оид китоблар, ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарига эга бўлдилар.
Тадбирда лойиҳа ташаббускори, “Китоб маркази” — “Китоб дунёси” тармоқ савдо марказлари муассиси Шуҳрат Охунжонов лойиҳа кенг қамров ҳосил этгани, пандемия даври бўлишига қарамасдан, бу жараёнда ҳар бир таълим муассасаси фаол қатнашгани, шаҳар ва туманлардаги Халқ таълими бўлимлари салоҳияти яққол кўзга ташлангани, муҳими, танловнинг аҳамияти, аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, бу орқали маънавий-маърифий муҳитни юксалтириш борасида залворли натижаларга эришилаётгани ҳақида тўхталиб, вилоят мутасаддиларига ўз миннатдорлигини билдирди.

Таъкидлаш жоизки, “Китоб маркази – Китоб дунёси” савдо тармоқ марказлари ёшларни қўллаб-қувватлаган ҳолда Бухоро вилоятида ҳам илк бор хайрли ишга қўл урди.
Чунончи, Когон шаҳридаги 7-сонли умумтаълим мактаби битирувчиси Маржона Абдуллаевага махсус сертификат топширилди. Унга биноан “Китоб маркази — Китоб дунёси” савдо тармоқ марказлари битирувчининг шартнома тўловини амалга оширади ва келажакда уни доимий иш билан таъминлайди.
Шундан сўнг лойиҳа ғолибларини тақдирлаш маросими бошланди. Якунда “Иқтидорли ўқувчи”, “Энг фаол кутубхоначи”, “Фаол мактаб директори”, “Энг фаол ОАВ ходимлари” номинациялари ғолиблари эълон қилиниб, ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар. Вилоят доирасида қайд этилган умумий натижаларга кўра иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган туманлар Халқ таълими бўлимлари ҳам алоҳида рағбатлантирилди.



Танловнинг “Энг яхши китобхон Халқ таълими бўлими” номинациясида мутлақ ғолибликни қўлга киритган Бухоро ҳамда Вобкент туманлари Халқ таълими бўлимларига “NEXIA-3” автомобиллари, “Энг китобхон мактаб” лойиҳаси ғолиби- Ғиждувон туманидаги 17-сонли умумтаълим мактабига “SPARK” автомобили тантанали равишда топширилди. Тадбир якунида вилоят Халқ таълими бошқармасига китоблар жамланмаси туҳфа қилинди.
Шунингдек, “Энг китобхон туман” лойиҳасида иккинчи ва учинчи ўринларни қўлга киритган Ғиждувон ҳамда Қоровулбозор тумани Халқ таълими бўлимлари эса кондиционер билан тақдирланди. Лойиҳа доирасида “Иқтидорли ўқувчи”, “Энг фаол кутубхоначи”, “Фаол мактаб директори”, “Энг фаол ОАВ ходимлари” номинациялари ғолибларига ҳам қимматбаҳо совғалар тақдим қилинди.
Якунда танлов ғолибларини Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон халқ артисти Женисбек Пиязов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек Миллий академик драма театри актёри Учқун Тиллаевлар ҳам муборакбод этишди.








