Аввал хабар берганимиздек, 2020 йил 17 декабрдан бошлаб "Tashkent city"га кириш пуллик бўлди. Айни пайтда ижтимоий тармоқларда ушбу янгилик кенг муҳокама қилинмоқда, қатор фаоллар томонидан ҳолат танқид остига олинмоқда. Хусусан, блогер Шаҳноза ҳам бу ҳақда ёзди.
"Хорижда ям-яшил паркларни кўрамиз, катта ҳудудларда, дарахтлар, ўсимликлар, кўллар, олмахонлар ўйнаб юради... Халқ теппа-текинга шаҳар ўртасида табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш мумкин.
Эсимда бор, Лондонда паркка борамиз деганимизда бир шеригимиз “Качели учарканмиз-да, қимматмасмикан” дегани ва кулганимиз.
Бизда текин ва табиий парклар тушунчаси умуман зеҳниятимизда йўқ, табиатни асраш, умумхалққа тегишли нарса, халқ бўлиб уни асраш, ҳимоя қилиш деган тушунча ҳам заиф шунга.
Биз парк деганда пуллик арғимчоқ учадиган жойни тушунамиз. Энди эса, арғимчоғи ҳам йўқ, бетон ва алукбонд бинолар билан тўла бир ҳудудга кириш ҳам пуллик қилинибди. Номи парк. Мабодо ичида олмахони бўлса ҳам, уни кўриш пуллик бўларди.
Шаҳар ўртасидаги шу ҳудуд, арча ва яна бошқа байрам шара-баралари бугун озгина бўлса ҳам позитив улашадиган жой эди. Одамлар интернетдаги негативдан чалғиб, кўчага чиқиб, ўзаро биргаликни, кўтаринкиликни ҳис қиладиган, умид оладиган жой деб билардим. Пули бору йўқ бир айланиб, байрам қилиб кетарди. Яна бу гўёки биз қурмоқчи бўлаётган янги Ўзбекистоннинг рамзларидан деб тақдим қилинганди. Фалонча одамга уй-жой, яна фалонча одамга иш жойи, бўлади, “кириш бепул бўлади, халқимиз учун текин” дейилганди.
Шунча қилингани бир жойга тиқилди, мана.
Тушунинглар, ўзи одамлар тўлиб турибди, ҳадеб сабрни синаш яхши эмас.
Ўзи Tashkent City давлат-хусусий шерикчилигидаги лойиҳа. Мен билмайман, давлат улуши қанча, хусусийники қанча, келишув шартлари қанақа, умуман, бошида бир кун келиб бу ҳудудга кириш пуллик бўлиши назарда тутилганми-йўқми, яна нималар пуллик бўлиши мумкин ва бизни яна қандай сюрпризлар кутяпти... Лекин шаҳар ҳеч кимнинг онасининг маҳрига тушмаган.
Байрам арафасида, ўзи газ-чироқ тақчиллиги, нархлар ошиши фонида руҳан чўкиб турган халқ учун яхши мужда бўлмади", деб ёзиб қолдирган блогер.






