АсосийЖАМИЯТ

7 минг нафардан ортиқ ёшлар, вазир, ҳоким ва блогерлар чиқиши... “Тошкент ёшлари форуми” қандай бошланди? (фото)

18-19 декабрь кунларини ўз ичига қамраб олган“Tashkent city”да жойлашган Конгресс холл маж...

'7 минг нафардан ортиқ ёшлар, вазир, ҳоким ва блогерлар чиқиши... “Тошкент ёшлари форуми” қандай бошланди? (фото)'ning rasmi

18-19 декабрь кунларини ўз ичига қамраб олган“Tashkent city”да жойлашган Конгресс холл мажмуасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида “Тошкент ёшлари форуми” бўлиб ўтмоқда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Президентининг жорий йил 20 ноябрь куни Чилонзор туманига ташрифи давомида берилган топшириғи асосида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича Тошкент шаҳар намунасини яратишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунга кўра, пойтахнинг барча туманларида жорий йилнинг 20 ноябрь-20 декабрь кунлари “Ёшлар ойлиги” эълон қилиниб, қуйидаги йўналишларда тадбирлар ташкил этилди:

ёшларнинг таклиф ва истакларини ўрганиш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаш;

уюшмаган ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш ва уларни иш билан таъминлаш;

ёшларни маданият, санъат, китобхонлик, ахборот технологиялари тўгараклари ҳамда спорт ва ҳарбий-ватанпарварлик йўналишидаги тадбирларга жалб этиш.

Бугунги тадбир ҳам ушбу белгилаб берилган чора-тадбирлар ижроси ўлароқ ташкил этилган.  

Форумда иштирок этиш истагини билдириб, 7 минг нафардан ортиқ ёшлар www.tashkent2020.uz сайтида рўйхатдан ўтди.

Форумнинг биринчи куни ёшлар билан самарали мулоқот ўрнатиш, уларнинг таклиф ва истакларини ўрганиш мақсадида Бош вазир ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиши кутилмоқда.

Жумладан, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов билан “Ижтимоий соҳа – 2030: таълим ва соғлиқни сақлаш тизими истиқболлари” мавзусида;

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, “Ўзбеккино” миллий агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов билан “Тошкентнинг маданий ва туристик қиёфаси” мавзусида;

Адлия вазири Русланбек Давлетов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов билан “Ҳуқуқий Тошкент – 2030” мавзусида;

Бош вазир маслаҳатчиси Олимжон Умаров, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов, “IТ-Парк” директори Фарҳод Ибрагимов билан “Рақамли Тошкент – 2030” мавзусида;

Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов, Молия вазири Тимур Ишметов, Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов билан “Тошкентнинг молиявий келажаги ва замонавий қиёфаси” мавзусида ёшларнинг учрашувлари бўлиб ўтади.

Очиқ мулоқотларда соҳада амалга оширилган ишлар ва келгусида режалаштирилган чора-тадбирлар юзасидан ёшлар билан фикр алмашилди, уларнинг таклиф ва ташаббуслари ўрганилиб, муҳокамалар ташкил этилади. Ушбу тадбирлар билан форумнинг биринчи куни ўз ишини бошлади.

Форумнинг эртага бўлиб ўтадиган сўнгги кунида ҳам ёшларнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, бир қатор қизиқарли лойиҳа ва тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Жумладан, 19 декабрь куни Конгресс холл мажмуасида 2021 йилда Тошкент шаҳрида ёшлар йўналишида амалга ошириладиган йирик лойиҳалар тақдимоти, “Ёшлар ва гендер тенглиги” мавзусида ёш кино ижодкорларининг тақдимотлари ташкил этилади.

Азиза Қурбонова, Лазизбек Ҳамидов, Никита Макаренко, Хушнудбек Худайбердиев каби таниқли блогерлар билан очиқ мулоқотлар ҳамда Тик-ток ва инстаграм юлдузлари билан учрашувлар ўтказилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Акмал Жумабоев билан “Глобаллашув даврида ёшлар миграцияси” мавзусида ёшларнинг очиқ мулоқотлари бўлиб ўтади.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан “2021 йилда пойтахтдаги ёшлар ҳаёти” мавзусида тақдимот ўтказилади.

Ёшлар форумининг сўнгги кунида фаол иштирокчилар тақдирланади.

    Бошқа янгиликлар