Китобнинг инсон камолотида ўрни бебаҳо. Дунёқарашимиз бойийди, қолаверса, ҳалол-ҳаром ёки оқ-қорани ажратишимизда у беминнат дастёримиз ҳисобланади. Шу боис кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойларда китоб ярмаркалари, кўргазмалару танловлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар ҳамда Халқ таълими вазирликлари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Китоб маркази – Китоб дунёси” тармоқ савдо марказлари томонидан ишлаб чиқилган “Энг китобхон мактаб” лойиҳаси бўйича танловлар ўтказиб келинмоқда.
Хусусан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бирлашган таҳририяти томонидан ўтказилган“Энг китобхон мактаб” лойиҳаси ўтказилди.

Бухоро шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ана шу лойиҳанинг вилоят босқичига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ўтказилаётган лойиҳа тадбирлари якунида “Иқтидорли ўқувчи”, “Энг фаол кутубхоначи”, “Фаол мактаб директори”, “Энг фаол ОАВ ходимлари” номинациялари ғолибларига, шунингдек, вилоят доирасида қайд этилган умумий натижаларга кўра 2 ва 3-ўринларни эгаллаганларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Даставвал, “Энг китобхон мактаб” лойиҳасида мутлақ ғолибликни қўлга киритган энг китобхон халқ таълими бўлими “Нексия-3” русумли автомобиль билан тақдирланиши белгиланган эди. Бироқ лойиҳа кенг қамров касб этгани ва фаол иштирокчилар сони ортгани сабабли бир йўла 3 та ғолиб автомашина билан тақдирланди. Бухоро ҳамда Вобкент туман халқ таълими бўлимларига “Нексия-3” автомобили, шунингдек, энг кўп китоб сотиб олган Ғиждувон туманидаги 17-сонли умумтаълим мактаби жамоасига “Спарк” автомашинаси тақдим этилди.
Албатта, лойиҳанинг энг катта ютуғи ва аҳамияти бу ҳар бир мактаб китоб фондининг янги, қизиқарли китоблар билан бойигани ҳамда ўқувчи ва ота-оналарнинг китобхонликка бўлган қизиқишининг ортганидир. Чунки инсонлик шарафи комиллик, одамийлик, садоқат ва бурч, масъулият, муҳаббат туйғуси кабилар билан камол топади. Унинг калити ва манбаи эса китобхонлик, мутолаадир.






