1

Давра суҳбати: Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик

СИЁСАТ 22.12.2020, 08:35
Давра суҳбати: Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик

18 декабрь куни БМТ хавфсизлик кенгашининг "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" тўғрисидаги 1325-сонли резолюцияси бўйича Миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш соҳасидаги энг яхши амалиётлар мавзуида онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди. Анжуман БМТ Хавфсизлик Кенгашининг ушбу резолюцияси қабул қилинганлигининг 20 йиллигига бағишланди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти котибияти (Вена), ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси томонидан ташкил этилди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева сўзга чиқиб, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюцияси бўйича ишлаб чиқилаётган Миллий ҳаракат режаси муҳимлигини таъкидлади. 

Сенат Раисининг сўзларига кўра, "Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида хотин-қизларнинг иштирокини фаол илгари суриш республика ҳукуматининг асосий вазифасидир". Ўзбекистон раҳбарияти томонидан сўнгги пайтларда мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг ҳаётий муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнларида хотин-қизларнинг ролини сезиларли даражада оширишга қаратилган қатор қарорлар иштирокчиларнинг диққат эътиборини тортди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий ва давлат қурилишидаги иштирокини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизларнинг камситилишига йўл қўймаслик бўйича барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича муайян чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётганини таъкидлади. 

Шунингдек, “Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик” бўйича миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси гендер сиёсатини янада самарали амалга ошириш ва энг яхши натижаларга эришишга интиладиган устувор соҳаларни белгилашига эътибор қаратилди.

БМТ Хавфсизлик Кенгашининг "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" тўғрисидаги 1325-сонлирезолюцияси бундан 20 йил олдин, 2000 йил 31 октябрда биринчи марта аёлларнинг можароларни олдини олиш, ҳал қилиш ва тинчлик ўрнатишда муҳим иштирокисиз мустаҳкам дунёга эриша олмаслиги тан олинган ҳолда қабул қилинган. Ушбу асосий қарор аёлларни барча тинчлик ва хавфсизлик ташаббусларида гендер масалаларини амалга ошириш билан бир қаторда тўлиқ ва тенг иштирок этишга чақиради.

Ушбу резолюция аёлларни можароларни ҳал қилиш бўйича тинчлик музокараларида кўпроқ иштирок этишга, шунингдек халқаро ва миллий даражадаги етакчилик лавозимларида аёллар сонининг кўпайишига кўпроқ жалб қилишни талаб қилади.

Ўтган 20 йил мобайнида БМТнинг 193 давлатидан 86 та давлатда резолюцияни амалга ошириш бўйича "Ҳаракатлар режаси" ишлаб чиқилди. Ушбу давра суҳбати давлатларнинг энг яхши амалиётларини ўрганишга бағишланди.

Тадбир давомида халқаро ва миллий экспертлар томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюцияси бўйича миллий ҳаракат режаларини амалга ошириш ва мониторинг қилишнинг хорижий тажрибаси ҳақида атрофлича маълумот берилди. 

Хусусан, Ирландия Ташқи ишлар ва савдо вазирлигининг ихтилофларнинг олдини олиш бошқармаси директори, элчи Аине Ҳернс давлатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун биргаликда масъул  эканини қайд этўди. Бундан ташқари, у БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюциясини ҳамда аёллар, тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича барча кейинги резолюцияларни ҳам ҳар томонлама амалга оширишга биргаликда интилиш зарурлигини таъкидлади.

Албания ҳукуматининг аёллар, тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича мутахассиси Эралда Канининг фикрича, "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" резолюциясининг барча тарафдорлари учун миллий қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш ва сиёсий янгиланишларни амалга ошириш борасида ортга чекинишга йўл қўйилмаслиги лозим. Бу борада кучли ва қатъий мажбуриятларни ўрнатиш, айни масалаларга доимий эътибор бериш жоизлигини қайд этди.

Мисол учун, Грузияда пандемия таъсирига қарамасдан, мамлакат ижтимоий ҳаётининг барча соҳаларида гендер тенгликни таъминлашга кўмаклашиш, шунингдек тинчлик музокараларида аёлларнинг иштирокини кенгайтириш давом этмоқда. Грузиянинг аёллар, тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича кун тартибини амалга ошириш бўйича учинчи миллий харакатлар режаси 2018-2020 йилларга мўлжаллангандир. Мазкур режада, хусусан, аёлларнинг ишонч ва ярашувни мустаҳкамлаш жараёнларидаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюцияси бўйича Ўзбекистон Миллий ҳаракатлар режаси лойиҳаси қуйидагиларни ўз ичига олади: 

* Тинчлик ва хавфсизликни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жараёнларида аёлларнинг иштирокини рағбатлантириш;

* "Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик" мавзуида билимларни чуқурлаштириш ва тарқатиш ва хабардорликни ошириш;

* Фавқулодда вазиятларда аёллар ва қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш;

* БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюциясини амалга оширишда фуқаролик жамиятининг иштирокини рағбатлантириш.

Анжуман иштирокчилари кун тарибидаги мавзуни қизғин муҳокама қилиб, ўз амалий таклиф ва тавсияларини илгари сурдилар.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича 

Ўзбекистон Республикаси 

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1