Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 12-13 декабр кунлари Хоразм вилоятига қилган ташрифи чоғида Амударё устида Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғлайдиган 413 метрлик кўприк, Қораўзак туманидан Шовот туманигача 79 километрлик темир йўл қурилиши бўйича топшириқ берган эди.
Бугун икки ҳудудни бирлаштирадиган қўшма кўприкка тамал тоши қўйилди. Янги кўприк қурилишнинг бошланганлиги муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Мурат Камалов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қаҳрамон Сариев ва бошқалар сўзга чиқиб мазкур кўприк нафақат икки ҳудуд балки мамлакатимизнинг ижтимоий – иқтисодий ривожида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Янги кўприкнинг қурилиши Россия ва Қозоғистондан юкларни ташиш масофасини 240 километрга, юкларни ташиш вақтини эса 6 соатга қисқартиради. Шундай қилиб, юк ташиш ҳажми икки баравар кўпаяди ва йилига 25 миллион тоннани ташкил этади. Республикамизнинг юқоридаги минтақалари ривожланиб бориши билан иқтисодий самарадорлик йилига 100 миллиард сўмга ошади. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикасидан Хоразм вилоятига инерт материалларни етказиб бериш харажатлари камаяди, бу эса ижтимоий объектлар ва инфратузилмаларни қуриш харажатларини камайтиради.

Таклиф этилаётган янги кўприкнинг стратегик аҳамиятини алоҳида таъкидлаш жоиз. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан кўприк қуриладиган жойда дарё кенглигининг минимал ўлчамлари, сунъий иншоотлар сони, бузилаётган объектлар сони ва уларнинг тури, шунингдек, коммуникациялар ўтказилишини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириладиган лойиҳанинг 4 та варианти ишлаб чиқилди ва улардан энг мақбули танланди.
Хоразм вилоятини Қорақалпоғистон Республикаси билан боғловчи темир йўл ва автомобиль йўли қўшма кўпригини қуриш ишлари 2022 йил сентябр ойига якунланиши режалаштирилган.






