Қуролли Кучлар академиясида «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 29-йиллиги» ҳамда «14 январь - Ватан ҳимоячилари куни»га бағишланган, шунингдек, «Ватанпарварлик ойлиги» доирасида «Мардлар қўриқлайди Ватанни» номли ҳарбий-ватанпарварлик қўшиқлар кўрик-танловининг якуний босқичи ўз ниҳоясига етди.
Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон композиторлар ва бастакорлар уюшмаси, Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил қилинган ушбу кўрик-танловда шоир ва бастакорлар, ижодий ва ҳаваскор бадиий жамолар, ансамбллар, якка ижрочилар, ҳарбий хизматчилар ҳамда ўқувчи-курсантлар иштирок этди.
Кўрик-танловдан кўзланган мақсад эса ҳарбий-ватанпарварлик йўналишида ижод қилаётган шоирлар, композитор ва бастакорлар ҳамда ёш ижодкорларга шарт-шароитлар яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ҳамда кўплаб ёш истеъдодлар ва мусиқий асарларнинг юзага чиқаришдан иборат.
Қизғин ва баҳс мунозаларга бой бўлган кўрик-танловда саф қўшиқлари, эстрада қўшиқлари, лирик қўшиқлар номинацияларида жами 44 нафардан ортиқ ҳарбий-ватанпарварлик йўналишида ижод қилаётган профессионал ва ёш шоирлар, бастакорлар, якка ва ансамбл жамоалари қўшиқ матни ва мусиқанинг бадиий савияси, мазмуни, ижрочи маҳорати, саҳна режиссураси ва бошқа йўналишлар бўйича ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳолаб борилди.
Танлов натижаларига кўра, эстрада қўшиқлари йўналиши бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жамоасидан иштирок этган ФВВ Академиясининг «Маънавият ва маърифат» маркази бошлиғи подполковник Савриддин Нажмиев ижросидаги жонажон Ватанимизни мадҳ этувчи «Муқаддассан жон қадар» қўшиғи 2-ўринни эгаллади.
Кўтаринки руҳда ўтказилган кўрик-танлов якунида ташкилотчилар томонидан ғолибларга диплом ва пул мукофотлари тантанали топширилди.
— Академияда ташкил этилган бадиий-ҳаваскорлик тўгаракларида биз ёшлар ҳам доимо фаол қатнашиб, чолғу-асбобларини чалишни ҳамда турли йўналишларда яратилаётган куй-қўшиқлар сир-асрорларини мукаммал ўрганиб келмоқдамиз, - дейди Академиянинг 3- босқич курсанти Бекжон Дусимов. – Албатта бугунги ўтказилган кўрик-танловда устозларимиз ижросидаги куй-қўшиқлар ҳам тўлқинлантириб юборди. Мен бадиий жамоамиз билан бирга келгусида нафақат республика балки халқаро фестивалларда ғолибликни қўлга киритиб, юртимиз равнақини кўтаришга ўз ҳиссамни қўшишни мақсад қилиб қўйганман.
— Мен давлатимиз раҳбарининг «Бугунги кунда миллий армиямиз минг-минглаб ўғлонларимиз учун чинакам мардлик, фидойилик, ҳуқуқий ватанпарварлик мактабига айлангани, ҳеч шубҳасиз, шу йўлда эришган энг катта ютуғимиздир» дея билдирган муҳим ибораларини эътироф этмоқчиман, - дейди капитан Озодбек Шукуров, – Бугунги ўтказилган кўрик-танловда турли йўналишда ижод қилаётган ҳарбий хизматчилар ва ёшларнинг ижодий ютуқларидан баҳраманд бўлдик десак муолаға бўлмайди ва бу танлов иштирокчиларнинг қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.

Фарҳоджон ХОЖАЕВ,
Академия ўқитувчиси,капитан.
Бобур АБДУЖАББОРОВ,
5-босқич курсанти.





