Судьялар олий кенгашининг навбатдаги йиғилишида 31 нафар номзоднинг судьялик лавозимига ваколатли муддатга қайта тайинлаш масаласи кўриб чиқилди. Бу ҳақда Судьялар олий кенгашининг матбуот хизмати хабар қилди...
Тайинловлар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситасида амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида суд тизимига етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш, лавозимга тайинлаш, судьялар фаолиятини холис баҳолаш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмагани алоҳида қайд этилганди. Мазкур Фармон ижроси ўлароқ, номзодлар очиқ суҳбат ва танлов асосида тайинланди. Барча жараёнлар (кенгаш аъзоларининг маслаҳатлашувидан ташқари) махсус мониторингда ёритилиб борилишидан ташқари ОАВ ходимларига жараённи бевосита жойида кузатиш имконияти ҳам яратилди. Бу бир тарафдан кенгаш очиқлик ва шаффофлик мезонлари асосида фаолият юритаётганини билдирса, иккинчи томондан айни жараёнга ахборот технологиялари жорий этила бошлаганини англатади.

Инсон омили камайган жойда натижа ҳам бошқача бўлади. Мана, далил: 31 нафар номзоднинг 27 нафари судьялик лавозимига ваколат муддатига қайта тайинланди. 2 нафари вазифасидан озод этилган бўлса, 1 нафари номуносиб деб топилди, яна 1 нафари захирага қолдирилди. Шу ўринда “судьяларнинг ваколати муддатига қайта тайинлаш” изоҳ беришга эҳтиёж сезилади.

Маълумки, Президентнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига кўра, 2021 йил 1 январдан судларда қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар бўлади.
Яъни, янги йилнинг илк кунидан вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар негизида (судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари фаолият бошлайди.
Шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтади. Фармон билан судларнинг ташкилий тузилмасига киритилаётган мазкур ўзгаришлар муайян ихтисослашув бўйича фаолият юритаётган судьяларни лавозимларга қайта тайинлашни тақазо қилади.






