АсосийЖАМИЯТ

Aдлия вазирлигида Россия, Қозоғистон ҳамда Беларусьдан вакиллар иштирокида вебинар ўтказилди

Aдлия вазирлиги томонидан Россия, Қозоғистон ҳамдаБеларусь давлатлари билан ҳамк...

'Aдлия вазирлигида Россия, Қозоғистон  ҳамда Беларусьдан вакиллар иштирокида вебинар ўтказилди'ning rasmi

Aдлия вазирлиги томонидан Россия, Қозоғистон ҳамдаБеларусь давлатлари билан ҳамкорликда жорий йилнинг22 октябрь куни “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий эълон қилиш: тегишли ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик ва тажриба алмашиш” мавзусида вебинар ўтказилди. Вебинар кун тартибига Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқий ахборот тарқатиш, мазкур соҳада тажриба алмашиш ва хорижий давлатларнинг тегишли ташкилотлари билан бу борада ҳамкорликни кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш масалалари киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда. 

Қонун ҳар бир давлатнинг ҳаракатлантирувчи кучи, жамият ҳаётининг турли соҳаларида мақсадли ислоҳотларни амалга ошириш пойдеворидир. Ҳар бир мамлакат ҳуқуқий ахборот тарқатиш орқали аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, норма ижодкорлиги соҳасида ўз тажрибасига эгадир. Таҳлил қилиш, ўрганиш ва ушбу тажрибалар билан танишиш бошқа мамлакатларга ўз норма ижодкорлигига энг самарали ва асл механизмларни татбиқ этиш имконини беради. Айнан ушбу ғоя вебинарнинг асосий мазмунини ташкил этиб, соҳада ўзаро тажриба алмашиш, энг яхши амалиёт намуналаридан ҳамда сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш учун ўзига хос платформа бўлиб хизмат қилди. 

Тадбирнинг биринчи ярмида Беларусь Ҳуқуқий ахборот миллий маркази, Қозоғистон “Ҳуқуқий ахборот ва қонунчилик институти”, шунингдек, Россия Адлия вазирлигининг вакиллари ўз мамлакатларида ҳуқуқий ахборот тарқатиш тизимини ривожлантиришнинг замонавий тенденциялари ҳақида маълумот беришди.

Шу билан бирга, вебинар давомида Ўзбекистонда норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш консепсиясини амалга ошириш доирасида ҳуқуқий ахборотни тарқатишнинг амалдаги тизимини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор муҳим қарорлар қабул қилингани таъкидланди. Жумладан, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ 
2017-йил 25-сентабрдан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига (www.Lex.uz) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни эълон қилишнинг расмий манбаси мақоми берилгани маълумот тариқасида айтиб ўтилди.

Шунингдек, мазкур соҳани ислоҳ этишда эътибор биринчи навбатда Адлия вазирлиги ҳузурида фаолият юритаётган “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказининг электрон шаклда назорат ҳолатидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий эълон қилиниши ва сақланиши фаолиятига йўналтирилгани таъкидланди.

Жорий йилда ҳукумат қарори билан “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказига кўрсатилаётган ҳуқуқий хизматлар турларини кенгайтириш бўйича қўшимча вазифалар юклатилди. Бундан буён Марказ ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш, турли ҳуқуқий ҳужжатларнинг шакллари (намуналари), шунингдек, юридик адабиётларни тайёрлаш ва нашр этиш соҳасида консалтинг хизмати кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди.

Тадбир давомида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини норма ижодкорлиги жараёнига жорий этишнинг долзарблиги ҳам таъкидланди. Бу борада Ўзбекистонда ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими – Project.gov.uz амалиётга татбиқ этилган. Қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш портали (regulation.gov.uz) модернизация қилинди. Беларусьда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг назорат нусхаларини юритиш тўлиқ электрон форматга ўтган. Россия ва Қозоғистонда сунъий интеллект имкониятлари норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқий маслаҳат ва адлия органлари фаолиятининг бошқа соҳаларини таъминлашда кенг қўлланмоқда.

Тадбир иштирокчилари хорижий ҳамкасблар билан ҳамкорликда энг яхши амалиётларни ўрганиш, илмий ва интеллектуал алмашинув жараёнлари мамлакатларни бир-бирига яқинлаштириш йўлидаги имкониятлардан эканлиги, шу билан бирга, мазкур соҳада мустаҳкам алоқаларини ўрнатиш 
ва ривожлантириш муҳим аҳамият касб этишини эътироф этдилар.

Шу муносабат билан вебинар иштирокчилари томонидан икки томонлама ва кўп томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклифлар берилди ҳамда мазкур таклифлар тадбир якунида умумлаштирилиб, Адлия вазирлиги ва “Адолат” марказининг келгуси 
2021 йилдаги режасига киритилиши белгиланди.

    Бошқа янгиликлар