Ўзбекистон халқаро ислом академиясида зиёрат туризмини ривожлантириш ҳамда ушбу йўналишдаги мутахассисларни тайёрлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Халқаро ислом академияси ректори Рустам Касимов ва Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов очиб берди. Тадбирда шунингдек зиёрат туризми соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари, Академия олимлари ҳамда Қўмита вакиллари иштирок этишди.

“2018-2019 йилларда визасиз режим жорий этилган Индонезиядан ташриф буюрувчи сайёҳлар оқими - 170 фоизга, Малайзиядан - 158 фоизга, Туркиядан – 154 фоизга, БААдан келувчи мусулмон сайёҳлар сони 153 фоизга ошди. Шуниси диққатга сазоворки, “Жаҳон мусулмон сайёҳлари индекси” (Global Muslim Travel Index) рейтингида Ўзбекистон 10 поғона (32-ўриндан 22-ўринга) юқорилаб, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар орасида мусулмон сайёҳларни жалб қилаётган “энг жозибадор” ҳамда “хавфсизлик ва бағрикенглик даражаси юқори” бўлган 10 мамлакат қаторидан ўрин олди. Шу билан бирга, мамлакатимиз “Halal Travel Frontier 2020” ҳисоботида исломий меросни қайта тиклаш орқали мусулмонлар туризми бозорида янги трендга асос солган мамлакат сифатида эътироф этилди”, - деди Азиз Абдуҳакимов.

Шу ўринда Рустам Касимов юртимиз тарихи, унинг табиати ва буюк алломалари меросидан баҳраманд бўлишни истаб бутун жаҳон мамлакатларидан саёҳатга отланувчилар кўпчиликни ташкил этишини, бу эса Ўзбекистоннинг жаҳонда ўз имижи ва мавқеини ҳам белгилаб берадиган омиллардан эканини таъкидлади. “Зиёрат туризмини ривожлантиришда мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш мамлакатимиз тараққиёти йўлида хизмат қилиши шубҳасиз”, - дея қўшимча қилди Рустам Касимов.

Тадбир якунига кўра, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда “Ипак йўли” халқаро туризм университети ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.
Мазкур келишув асосида Қўмита мутахассислари томонидан Академия талабалари учун малака ошириш дарсларини ўтказиш, халқаро миқёсдаги экспертлар ва Ўзбекистоннинг зиёрат туризми элчилари иштирокида маърузалар, хорижий турфирмалар иштирокида талабалар учун маҳорат дарслари, соҳага оид қатор тадбирларни ташкил этиш, ҳамкорликда илмий ва маърифий лойиҳаларни амалга оширишга эришилади.






