АсосийЖАМИЯТ

Қашқадарёдаги ер хатлови жараёни нималарни фош қилди? (фото)

Аввалроқ ИНҲА университетида Солиқ Қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва “Кўчмас м...

Аввалроқ ИНҲА университетида Солиқ Қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва “Кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш ва кадастр тизимини модернизация қилиш” лойиҳасининг “Mening Uyim” ахборот компанияси томонидан ташкил этилган “Кадастр тизими — янги лойиҳалар, сифатли хизматлар ва барқарор натижалар сари” номли анжуман бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилгандик. 

Анжуманда бугунги кун ҳолатига Қашқадарё вилоятида давлат рўйхатидан ўтказилмаган жами 533 569 мингта бино-иншоотлар, 2 573,5 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари хатловдан ўтказилиб, барчасига кадастр йиғма жилдлари шакллантирилгани ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди. 

Ерни давлат рўйхатидан ўтказиш нима фойда беради?

 "Ерга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтиши шартлиги ҳақида амалдаги 3 та: Фуқаролик кодекси, Ер кодекси, Солиқ кодексида белгилаб қўйилган. Бироқ Қашақадарё мисолида оладиган бўлсак, 94 фоиз ерга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтмаган. Аксинча бўлганида эса энг асосийси аниқ ҳисобни билиш имконини беради. Агар ерга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтса, йиллар давомида ҳал бўлмаётган судлардаги низолар барҳам топади. Фуқароларга мурожаатим: ерингизга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Кадастр агентлигига ташрфи буюринг. 12 иш кунида барча ҳужжатларни тайёрлаб берамиз”, - дейди агентлик директори Ҳалилилло Турахужаев. 

"БОРДИЮ ЕРИНГИЗ ГЕОАХБОРОТ ТИЗИМИ ПОРТАЛГА КИРИТИЛМАСА, ҚЎЛИНГИЗДАГИ ЕР АЖРАТИШ ТЎҒРИСИДАГИ ҚАРОРЛАР ҚОНУНИЙ КУЧГА ЭГА БЎЛМАЙДИ"

Мохирхўжа Валиев, Давлат Кадастрлар палатаси раиси: -  Жорий йилнинг 12-13 ноябрь кунлари Президентимизнинг Қашқадарёга ташрифлари давомида ер ҳисобини юритиш, давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича қатъий топшириқ бергандилар. Мазкур топшириқ ижросини амалга ошириш мақсадида агентликдан 650 дан ортиқ малакали мутахассислар жалб қилинди. 17-24 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятида олиб борилган хатлов натижалари ҳам Геопорталда ўз аксини топади. 

Қашқадарё вилоятининг умумий ҳудуди 2 856 799 гектар, шундан 94 фоизи ёки 2 685,4 гектари давлат рўйхатидан ўтмаган. Фақатгина 6 фоизи ёки 171,4 гектари давлат рўйхатидан ўтган. Қашқадарёда 

  • 2 та шаҳар,
  • 13 та туман, 
  •  771 та маҳалла , 
  • 15 268 та кўча, 
  • 778 924 та оила, 
  • 3 млн. 200 нафардан ортиқ аҳоли мавжуд. 

Республикада якка тартибдаги уйлар ҳудудини фойдаланувчи сонига бўлса, бир нафар фойдаланувчига ўртача 15 сотихдан  ер тўғри келади. Тошкентда бу кўрсаткич  5 сотихни ташкил қилади. Бир нафар фойдаланувчига энг юқори кўрсаткич, аниқроғи 20 сотихдан ер тўғри келадиган ҳудуд бу - Қашқадарё вилояти. Туманлар миқёсида оладиган бўлсак, энг юқори кўрсаткич Чироқчи туманига тўғри келади. Чироқчида бир нафар фуқаро ўртача 50 сотих ердан фойдаланади. 

Қашқадарёдаги хатлов жараёнида 6200 дан ошиқ фойдаланувчида минг гектардан ортиқ ерга ўчбошимчалик билан уй-жой, бино-иншоотлари қуриб олинган ҳолатлари аниқланди. Ердан фойдаланувчиларни кадастр ҳисобида 3 тоифа: қизил, сариқ, яшилга бўлиш топширилди. 

  1. Яшил тоифага давлат рўйхатидан ўтган барча ҳужжати бор 213 624 нафар ер фойдаланувчилари киради.
  2.  Сариқ тоифага аввалдан ердан фойдаланиб келган, йиғмажилдлари бўлган, лекин  ерга бўлган эгалик ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилмаган 355 909 нафар фойдаланувчилар киради. 
  3.  Қизил тоифага МФЙда охирги хатловдан кейин қўшимча равишда ўзбошимчалик билан бинолар қуриб олган 178 031 нафар фойдаланувчи киради.  

Қашқадарёда ер жуда кўплиги эвазига самарасиз фойдаланиш авжига чиққан.

Хатловдан мақсад нима?

Фуқароларда "2 йил аввал ҳам хатлов ўтказилган, кўпгина қўшимча қурилишлар аниқланган. Қайта хатлов ўтказиляпти, Қашқадарёдан яна кўплаб бундай ҳолатлар аниқланиши мумкин. Қайта-қайта хатлов ўтказишдан мақсад нима?" деган савол туғилиши мумкин. Мақсадимиз - хатловдан ўтказилган жараённи Миллий географик ахборот тизими порталига киритиш. Бордию ерингиз мазкур Геоахборот тизими порталига киритилмаса, қўлингиздаги ер ажратиш тўғрисидаги қарорлар қонуний кучга эга бўлмайди. Электрон харитада эгалик ҳуқуқини тизимли равишда киритиб борсак, ердан самарали фойдаланилади ва доимий назорат йўлга қўйилади. 

2021 йилнинг илк ойларида Қашқадарёдаги барча ҳудудларни электрон харитага киритиш ишларини якунлаш режалаштирилган.  

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА 

    Бошқа янгиликлар