АсосийЖАМИЯТ

Телеэкранларда зиёли аёллар гавдалантирилмаяпти — Ўзбекистон Аёллар медиа клуби

Ёшлар ижод саройида Электрон ва оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Ўзбеккино...

'Телеэкранларда зиёли аёллар гавдалантирилмаяпти — Ўзбекистон Аёллар медиа клуби'ning rasmi

Ёшлар ижод саройида Электрон ва оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган Аёллар медиа клуби аъзоларининг "Экранда аёл тақдири" мавзусидаги давра суҳбати бўлиб ўтди. Конференцияда жамиятимиздаги аёлларнинг ўрни, ютуқлари, ташвишлари ва муаммоларига бағишланган кўрсатувлар, аёллар тақдирига бағишланган кино, ҳужжатли фильмларнинг видеороликлари тақдим этилди.

Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Аёллар медиа клуби аъзолари телеэкранларда зиёли аёллар гавдалантирилмаётганлигини танқид қилди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Аёллар медиа клубининг аъзолари таркибидан жамоатчилик фаоллари, медиа соҳа менеджерлари, журналист ва блогерлар ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари ўрин олган.

Қизғин муҳокамаларга бой ўтган давра суҳбатида блогер ва “SmartGov consulting” раҳбари Азиза Умарова медиа маҳсулотларда аёллар образининг яратилиши ҳақида фикр билдирди:

“Ўзбек киноларида ҳам, телекўрсатувларда ҳам аёлларга нисбатан қараш яхши эмас. Зиёли ўзбек аёллари образлари яратилмаяпти. Кинода аёл кўрсатилса у фақат уй бекаси ёки қайнона образида намойиш этилади. Аслидачи? Аёлларимизнинг жамиятдаги ўрни ошмоқда. Катта лавозимларни эгаллашмоқда.

Агар биз медиа контентда аёлларни шунчаки рафиқа ва қайнона образида гавдалантираверсак, жамиятнинг хотин-қизлар муаммоларига бўлган қарашларини ўзгартира олмаймиз. Омадли, зиёли, тадбиркор аёлларимиз ҳам кўп. Шундай образларни ҳам кўпроқ намойиш этиш керак. Медиада аёллар образларини дискриминацион характерга эга бўлиб қолаётгандай туюлмоқда”, дейди Умарова.

Шунингдек тадбирда аёллар учун телекўрсатувлар фақатгина пишириқлар ва безаниш ҳамда косметология билан боғлиқ бўлиб қолгани танқид қилинди. Телевизор орқали аёлнинг бахти фақат шу нарсаларда деган тарғибот оқибатлари салбий эканлиги таъкидланди. Аёлларни бундай қолипга солиш уларнинг шахс сифатида ҳар томонлама ривожланишига қийинчилик туғдириши айтилди. Медиа соҳасида аёллар образини талқин қилиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Давра суҳбатида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаолият олиб борувчи аёллар ҳам иштирок этишди. Шунингдек, Мухлиза Азизова режиссёрлигида ишланган аёлларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнига бағишланган “Мени эшитинг” номли ижтимоий ролик намойиш этилди. Тадбирда бугунги ижтимоий ҳаётимизда аёлларнинг ўрни, маданий-маърифий соҳалардаги ютуқлари, шунингдек, интеллектуал салоҳиятли хотин-қизларни ташаббускорлигини ошириш ва соҳадаги камчиликлар борасида фикрлар ўртага ташланди.

Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, интеллектуал, ишбилармонлик салоҳиятини ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда ташаббусларини рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар опа-сингилларимизнинг оила ва жамиятдаги мавқеи юксалиб боришига замин яратмоқда. Бинобарин, аёлни эъзозлаш, унга оила таянчи, миллат тарбиячиси сифатида эҳтиром кўрсатиш, бунга узвий равишда оналик ҳамда болаликни муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 
 


Тадбир доирасида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан режиссёр Аюб Шаҳобиддинов томонидан суратга олинган "Рангсиз тушлар" фильми премьераси намойиш этилди.

    Бошқа янгиликлар