Жаҳоннинг турли мамлакатларида Ўзбекистонни тақдим этиб келаётган элчилар Қорақалпоғистонда бўлишди. Дипломатик миссия раҳбарлари, Ўзбекистоннинг халқаро ташкилотлардаги доимий вакиллари БМТТД кўмагида амалга оширилаётган ташаббуслар билан ҳам яқиндан танишди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастури матбуот хизмати раҳбари Феруза Номозова хабар қилди...

Ўзбекистоннинг жаҳонни 40 та мамлакатидаги Фавқулодда ва Мухтор элчилари, Ўзбекистоннинг дипломатик миссиялари ва халқаро ташкилотлардаги доимий вакилларидан иборат делегациянинг 21 декабрь куни бошланган ва бугун, 26 декабрда якунланадиган Қорақалпоғистонга ташрифи давом этяпти.

БМТ Тараққиёт Дастури 1993 йилдан бери Ўзбекистонда ўз фаолиятини юритиб келмоқда. Аҳолининг энг эҳтиёжманд қатлами фаровонлигини яхшилаш, асосий ижтимоий муҳим инфратузилмадан фойдаланини яхшилашда қўллаб-қувватлаш, даромаднинг янги манбаларини яратишда кўмак бериш, хотин-қизлар ва ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига мадад бериш, соғлиқни сақлаш соҳасини такомиллаштириш Орол денгизини йўқолиши салбий оқибатларини юмшатишнинг асосий йўналишлари орасидан ўрин олган.

“Бизнинг ташаббус билан Оролбўйи ҳудуди учун инсон хавфсизлиги бўйича БМТнинг кўпшериклик траст фонди ташкил этилди. Мазкур фонд мураккаб экологик вазиятли ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолига жаҳон ҳамжамиятининг амалий ёрдами учун ишончли платформа бўлишига умид қиламиз”,дея қайд этганди Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясини 75-сессиясида.

Жоқарғи Кенесда бўлиб ўтган расмий қутлов маросими ва учрашувлардан сўнг делегация вакиллари ҳукумат томонидан халқаро ташкилотлар, донорлар ва ривожланиш бўйича ҳамкорлар, шу жумладан БМТ кўмагида ҳукумат томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон туманлари бўйлаб сафар қилишди.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг 2020 йилнинг 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига амалга оширган ташрифи давомида Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолининг яхши турмушини таъминлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилганди.

Ҳудудда Президентимизнинг жорий йилнинг 11 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасини 2020-2023 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қатор дастур ва лойиҳалар фаол амалга оширилмоқда.

22 декабрь куни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Баҳтиёр Иброҳимов, Ўзбекистоннинг ЮНEСКОдаги доимий вакили Умид Шодиев, Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлими ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ҳамда БМТТДнинг Ўзбекистондаги вакилларидан иборат делегация Мўйноқдаги БМТ Тараққиёт Дастури кўмагида амалга оширилаётган намунали лойиҳалар бўлмиш объектларга ташриф буюрди.

23 декабрь куни ташриф Таҳтакўпир туманининг қишлоқ жойларида давом этди.У ерда “Белтоу” қишлоқ фуқаролар йиғинининг “Тоза конис” ҳамжамиятидаги сувни тозалаш қурилмаси ва сув тармоғини фойдаланишга топшириш маросими ўтказилди. Иншоотларни таъмирлаш ишлари ҳудудда амалга оширилаётган БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди молиялаштираётган БМТТДнинг “Барқарор қишлоқ ҳудудлари ривожланишини қўллаб-қувватлаш орқали Оролбўйи минтақасида инсон хавфсизлигининг долзарб муаммоларини ҳал қилиш” лойиҳаси доирасида ўтказилди.

Мазкур ташаббус 200 нафарга яқин қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконини берди. Шунингдек, лойиҳа томонидан Таҳтакўпир туманидаги “Мулик”, “Маржонкўл” ва “Жанадаря” қишлоқ фуқаролар йиғинида сув лойиҳалари амалга оширилди. Натижада 3491 нафар қишлоқ фуқароси тоза ичимлик сувига етишиш имконига эга бўлди.

Баҳтиёр Иброҳимов, Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили: — Охирги йилларда БМТ ва Ўзбекистонўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилди. Бу жараёнга Президентимизнинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерреш ва 2017 йилнинг июнида Самарқанддаги учрашуви алоҳида туртки берди. Ўтказилган учрашув чоғида Оролбўйи ҳудудини ҳозирги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Бу эса шу кунгача муваффақият билан амалга ошириб келинаётган ривожланиш концепциясига асос бўлди.

Ўзбекистоннинг Германиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси жаноб Набижон Қосимов ҳам Таҳтакўпир туманидаги “Тоза конис” ҳамжамиятида сувни тозалаш қурилмаси ва сув тармоғини фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этди.

Шу куннингўзида делегация аъзоларини Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ва Маданият вазирлари, И.В.Савиский номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи раҳбарлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Суҳбатлар чоғида соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш ва минтақада туризмни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.







