Аввалроқ ИНҲА университетида Солиқ Қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги ва “Кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказиш ва кадастр тизимини модернизация қилиш” лойиҳасининг “Mening Uyim” ахборот компанияси томонидан ташкил этилган “Кадастр тизими — янги лойиҳалар, сифатли хизматлар ва барқарор натижалар сари” номли анжуман бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилгандик.

Анжуманда Сардоба сув омбори тўғони бузилиши оқибатида содир бўлган сув тошқини талофатлари харитасининг яратилиш жараёни ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Сардоба сув омборида юз берган сув тошқини фожиасида Кадастр агентлиги ходимларининг тезкор хизмати нималардан иборат бўлди?
Ихтиёр Эргешов, Ерни масофадан туриб зондлаш, геодезия ва картография бўлими бошлиғи: - Қурилиш ёки жойларнинг бош режаларини ишлаб чиқишда хариталар, геодезия пуктлари, маълумотлар базасидан фойдаланишга тўғри келади. Шу маънода, сув тошқини ҳақида хабар келгач, биринчи навбатда мутахассисларимиз дрон, учувчи қурилмалар ва мавжуд қоғоз ва электрон кўринишдаги хариталар билан Сирдарёга етиб бордик. Сув ҳар сонияда маълум бир майдонни эгаллаб олаётганди. Қанча аҳоли, мол-хол, экин сув остида қолишини режалаштириш учун республика ишчи гуруҳи тузилганди. Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва бошқа ташкилотлар бир тану бир жон бўлиб ишладик. Биз кадастр ходимларига берилган вазифа эса жойнинг рельеф харитасини кўрсатиш, яъни сув қаердан чиқиб, қайси йўналишга оқиши ва қанча ҳудудни эгаллаши ҳақида маълумот тайёрлашимиз керак эди. Сув омбори 25 метр баландликда эканини аниқладик ва сувнинг йўналишини кўрсатиб бердик.

Шунга асосан жойларда эвакуация ишлари олиб борилди ва тезкор қарорлар қабул қилинди. Вазият ҳар соатда ўзгариб тургани боис бошқа маълумотлар ҳам зарур бўлди. Маълумотларни тезкорлик билан олиш учун қайси сунъий йўлдошнинг космик суратидан фойдаланиш масаласи ўртага ташланди ва Франция, Қозоғистон компаниясининг космик суратларидан фойдаланган ҳолда сув йўналиши қаерга қараб кетаётгани аниқланди. Сувнинг йўналиши ҳақида ҳар соатда раҳбариятга хабар бериб турилди. Вертолёт ва дронлардан фойдаланган ҳолда қўшимча равишда жойига чиқиб ўрганилган маълумотлар асосида ҳам ишлар амалга оширилди.

Қутқарув ишларини бажаришда ҳозирги кундаги технологиялар кенг қўл келди. Дронлар ёрдамида видеотасвирга ҳам олинди. Қайси уйда ким қолиб кетганини аниқланиб, рация орқали вертолётдаги қутқарув ходимларига хабар бериб турилди.
Бир ҳолат эътиборимизни тортиди: 8 ва 12 ёшли қизлар тонгда туриб, қўй боқишга чиққан. Сув келаётганини билиб, сув тўпланадиган “бочка”нинг минорасига чиқиб олишган. Уларни дрондаги видеотасвир орқали кўриб, вертолётдаги қутқарувчиларга хабар бердик. Бироқ қизлар қутқарувчиларга “йўқ кетмаймиз, сув чекинади, уйга қайтиб кетамиз. Ота-онамиз бизни кутяпти”, дея оёв тираб туриб олган ҳолатлар ҳам бўлди.

Картографик материаллардан фойдаланиб, Сардобадаги жараён кузатиб турилди. Сунъий йўлдошдан олинган космик сурат асосида 1 майда сув қаергача борган, 4 майда қанча ҳудудни эгаллади, 9 майда ҳолат қандай эди, қанча майдондаги экин номуд бўлгани аниқланиб борилди. Сўнг мутахассислар жойига чиқишди.
Уй-жой масаласида катта йўқотишлар бўлди, хариталарга туширилганлари: 10 та маҳаллада 22 та аҳоли пунктида 5388 та турар жой ва 133 та нотурар жойга зарар етгани аниқланди. Шундан,
- 1691 таси якка тартибдаги уй-жой,
- 2038 таси бетон-панелли жойлар,
- 1014 таси кўп қаватли уйлар,
- 147 таси наъмунали лойиҳа асосида қурилган уйлар сув остида қолган.

Тўлиқ бузилиб кетган уйлар сони 1640 та, таъмирталаб уйлар 3003 донани ташкил қилган. Бу талофатларнинг ҳаммаси тезкорликда кадастр хизмати мутахассислари, ер тузувчилар томонидан аниқланган маълумотлар. Президентимиз “Ҳеч ким кўчада қолмайди, ҳамма уй билан таъминланади”, деганларидан сўнг уй-жой қуриш учун ер танлаш топшириғи бўлди. Мутахассисларимиз билан талофат кўрган ердан узоқ бўлмаган ҳудудда уйлар қурилиши учун ер танлаш ва уларнинг харитасини тайёрлаб бериш ишлари билан шуғулландик.
Шунингдек, 108 та фермер хўжалиги ерлари ҳам талофат кўрган, бу — 16 минг гектардан ортиқ бўлган майдон дегани. Шундан
- 9700 гектардан ортиғи чигит экилган ерлар.
- 6500 гектардан ортиғига ғалла ва бошқа экинлар экилган ерлар.

Сув тошқини натижасида сув остида қолган қабристонлар ҳам аниқланиб, улардан чиқадиган зарарни ҳисоблаш учун қабристонларнинг ҳам харитаси ишлаб чиқилди. Санитария эпидемиология хизмати, ФВВ ходимларига мазкур маълумотлар тақдим қилиниб, тезкор чоралар кўрилди.
Нобуд бўлган молларни кўмиш учун ҳам жойларнинг хариталари ишлаб чиқилди. Бузилган уй-жойни тозалаш натижасида пайдо бўлган чиқиндиларни кўмишга жойлар танланиб, манзилли хариталар тузилди ва режалаштирилган ишлар амалга оширилди.
Анжуманда айтилганидек, Геопортал ишга туширилса, талофат кўрилган жойга етиб боришимизга ҳожат қолмайди. Масалан, Геопортал ишлаганида худди шу маълумотларни тезкорлик билан жойидаги Кадастр хизматлари офисларидан олиб, фойдаланиш мумкин бўларди.

Сардоба сув омбори мутахассисларни сергакликка чорлади. Келажакда бундай ҳолатлардан қандай сақланиш борасида ФВВ билан ҳамкорликда иш бошладик. 2021 йил давомида 75 та сув омборларининг аниқ геодез ўлчов ишларини олиб бориш ва қайси сув омборида қандай ўзгариш бўлаётганини аниқлаш режалаштирилган. Шунда келажакда Сардоба фожиаси каби ҳолатларнинг олдини олиш мумкин бўлади.
Сардоба фожиаси юз беришига сабаб бўлган омиллардан бири бу...
Ҳалилилло Турахужаев, Агентлик директори: - Сардоба фожиаси юз беришига ернинг рельефи мунтазам равишда ўрганиб борилмагани ҳам сабаб, десак янглишмаймиз. 75 та сув омборини ҳар куни кузатиб бориш керак, бунинг учун эса бизда мутахассислар етарли эмас. Очиғи, бу борада геодезия бўйича мутахассислар йўқ ҳисоби. 2021 йилда Москва давлат геодезия ва картография университети филиалини Ўзбекистонда ташкил этишни режалаштирганмиз. Мазкур университетнинг малакали мутахассислари геодезия бўйича ёш мутахассисларни тайёрлаб беришади.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА






