Жорий йилнинг 25 декабрь куни магистрал газ қувурлари фаолияти билан оммавий ахборот воситалари вакилларини яқиндан таништириш мақсадида “Ўртасарой” газ тақсимлаш станциясига пресс-тур бўлиб ўтди. Унда журналистларга Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳри истеъмолчиларига табиий газ етказиб берувчи “Ўртасарой” газ тақсимлаш станцияси қуввати, имкониятлари ҳақида маълумотлар берилди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда “Ўзтрансгаз” АЖ тизимида битта унитар корхона, 6 та Магистрал газ қувурлари бошқармаси, 2 та газни ер остида сақлаш иншооти, қурилиш бўйича битта МЧЖ ва битта дирекцияси мавжуд бўлиб, жамият тизимида 9000 нафарга яқин киши меҳнат қилиб келмоқда.

Шунингдек, Президент Ш.Мирзиёевнинг Тошкент вилоятига 2019 йил июнь ойида амалга оширган ташрифи давомида қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, Нурафшон шаҳрининг кенгайиши ҳисобига ҳудудга табиий газ етказиб берувчи “Ўртасарой” газ тақсимлаш станциясини аҳоли пунктидан узоқроққа кўчириш ва қувватини кучайтириш ҳам кўзда тутилган эди. Айни топшириқ ижроси натижасида станция аҳоли пунктидан ичкарига кўчирилди, хавфсизлик даражаси оширилган. ГТС қуввати 30 минг метр кубдан 60 минг метр кубга етказилган. Бу эса шаҳарнинг соатига 53 минг метр куб ҳажмдаги талабидан бир мунча кўп. Станциянинг оператори учун мўлжалланган уй ҳам замонавий услубда энергия тежамкор қурилиш маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда бунёд этилган.

Ушбу станция “Тошкентнефтгазқурилиш” АЖ томонидан қисқа муддатда қуриб битказилган. Станциягача 450 метр масофада кириш йўли, бетон таянч устунлари қурилди, электр тармоғи тортилиб, трансформатор ўрнатилган. Табиий газ таъминоти эса станциядан қарийб 200 метр узоқликдан ўтувчи магистрал тармоқ орқали амалга оширилади.

Яна бир газ тақсимлаш станциясиларидан бири бу - “ТошГРЭС” газ тақсимлаш станцияси. Мазкур ГТС 1983 йилда қурилган. “Сирдарё-ТошГРЭС” магистрал газ тармоғининг 119 километрида жойлашган ва Тошкент гидро электр станциясини табиий газ билан таъминловчи масъул станция ҳисобланади.
Марям САТТОРОВА
"Даракчи" мухбири






