Ижтимоий тармоқларда Сергели туманида қурилган кўп қаватли уйларнинг бирининг лифти ёнида тешик пайдо бўлгани ҳақида хабар тарқалган эди.
Ушбу ҳолат бўйича Қурилиш вазирлиги томонидан Сергели тумани, 3А - қурилиш майдонида ўрганишлар олиб борилган. Ўрганиш натижасида, иморатлардан бирининг лифт шахтаси девори тешилганлиги ва пенопласт билан сифатсиз қопланганлиги юзасидан, Ҳудудий назорат инспекцияси томонидан буюртмачи “O`ZSHAHAR QURILISH INVEST” МЧЖ ИК ва қурувчи ташкилот “YANGI ZAMON BINO” МЧЖ маъсуллари чақиртирилиб, ҳудуддаги бинолар ўрганиб чиқилган. Ижтимоий тармоқда тарқалган хабарнинг аниқ манзили йўқлиги боис лифт шахтасидаги девор ёриғи мавжуд бўлган бино аниқланмаган. Аммо, шунга ўхшаш ҳолат 22 уйда кузатилган.

Лифт шахтаси икки қисмдан иборат бетонли блоклардан ташкил топган бўлиб, уларнинг бир-бирига уланиш оралиғига, сейсмика талабларига асосан, лойиҳа ҳужжатларида эластик маҳсулот билан жипсланиши кўрсатилган. Эластик маҳсулот сифатида пенопласт ўрнатилган. Шунингдек, бетон блокларини монтаж қилиш учун мўлжалланган илгаклар оралиғида ҳам тирқишлар мавжуд бўлиб, ушбу тешиклар ҳам пенопласт маҳсулоти билан беркитилган. Ташқи таъсир оқибатида ушбу тирқишга ўрнатилган пенопласт қопламаси кўчириб олинган.

Лифт шахтасининг асосий юк кўтарувчи темир-бетон конструкцияларига зарар етмаган ва ҳозирда ушбу тирқиш қурувчи ташкилот томонидан бартараф этилди.






