Яқинда ижтимоий тармоқларда “Кўринг фақат йиғламанг!” сарлавҳаси остида видео жойлаштирилиб, унда ер остидан чиқаётган газнинг қувурдан отилиб чиқиб, исроф бўлаётгани ва бу ҳолат Бухорода кузатилгани ҳақида пост қолдирилганди.
24-25 декабр кунлари “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан айнан Бухоро вилоятидаги Газли газни қайта ишлаб чиқариш заводи ишга туширилиши муносабати билан ташкил этилган пресс турда мухбиримиз ушбу ҳолат юзасидан масъуллардан изоҳ олди.

Сирожиддин МАЛЛАЕВ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Конларни ишлатиш департаменти бошлиғи:
Қудуқни ўзлаштириш деганда – бу қудуқларни ўзлаштириш ва кон шароитларига мос равишда кутиш мумкин бўлган доимий ишлаб чиқаришни таъминлашга қаратилган ва қатламдан қудуққа газ оқимини чақириш, қудуқнинг унумдорлигини қатламнинг маҳаллий ишлаб чиқариш қувватларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича ишлар мажмуасига айтилади.
Маҳсулдор қатлам очилиб, ишлатиш қувурлари тушириб цементлангандан кейин сиртлар лой қатлами ва цемент билан қопланади. Қудуқ туби механик бирикмалардан, бурғилаш қоришмалари ва бошқа механик жисмлардан тозаланиб норматив ҳужжатлар асосида 72 соат мобайнида машъалага ёқиб синов ишлари ўтказилади. Қудуқни ўзлаштиришнинг асосий вазифаларидан бири маҳсулдорлик юқори бўлиши учун қудуқнинг бир хил ва максимал юқори ўтказувчанлигини тиклашдир. Бўшашган коллекторларда қудуқ туби атрофидаги бузилишини камайтириш мақсадида ёки ёриқли коллекторларда улашган қатламлардан маҳсулотни тортиб олиш учун қудуқларни ўзлаштиришни икки босқичда олиб бориш зарур:
- қудуқларни кичик депрессияларда ўзлаштириш;
- қудуқларни катта депрессияларда ўзлаштириш;
Агар қудуқни ўзлаштириш тўлиқ амалга оширилмаса, яъни қудуқ туби бурғилаш қоришмалари ва бошқа механик бирикмалардан тозаланмаса бу қудуқ тубидан табиий газ етиб келишига қаршилик кўрсатади. Шунингдек турли хил механик бирикмалар газни узатиш қувурлар тизими орқали газ билан бирга оқиб келиши оқибатида газни тозалаш заводларидаги ускуналар ичига тушади, бу ўз навбатида ускуналарнинг ишдан чиқиши ва газ тозалашга салбий таъсирини ўтказади.
Демак, видеоҳаволада айтилгани каби газнинг қувурдан отилиб тургани бу исрофгарчилик эмас, техник жараён ҳисобланади.






