АсосийЖАМИЯТ

АндДУ докторанти 112 миллион сўм мукофот олди

 2020 йил январь ойида Ботаника ихтисослиги бўйича докторантурага қабул қилинган Беҳз...

'АндДУ докторанти 112 миллион сўм мукофот олди'ning rasmi

 2020 йил январь ойида Ботаника ихтисослиги бўйича докторантурага қабул қилинган Беҳзодбек Сирожидинов жорий йилнинг ноябрь ойида ЎзР ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти ҳузуридаги илмий кенгаш йиғилишида «Ғўза навларининг генотипларини бойитишда турли геномли турлардан фойдаланиш» мавзусидаги  – биология фанлари доктори (DSc) илмий даражасини олиш учун ёзган диссертация ишини ҳимоя қилди. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ахборот хизмати маълум қилди.

Аҳамиятли жиҳати, ёш олим ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 ноябрдаги 696-сон қарорининг 16-бандига мувофиқ ўқиш муддати тамом бўлишидан 2 йил олдин докторлик диссертация (DSc) ни ҳимоя қилгани учун 112 млн. сўм миқдорида рағбатлантирилди.

Беҳзодбек Сирожидинов 2017 йилда биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини, 2020 йилда доцент илмий унвонини олган. У шу вақтга қадар илмий тадқиқот ишларига доир 2 та монография, 1 та ўқув ҳамда 3 та услубий қўлланма, 80 дан ортиқ илмий мақола ва тезислар чоп эттирган, 1 та патент гувоҳномаси мавжуд. «Ғалаба» номли янги пахта навини яратган.

Бошқа пахта навлари доимо маданийлаштирилган пахта навлари билан селекция қилинган, бу эса уларнинг касалликларга ва ҳашаротларнинг зарар етказишига қарши тура олмаган.  

Ёш тадқиқотчи илмий ишининг аҳамияти шундаки, ғўза генофондида мавжуд бўлган ёввойи турлар асосида янги, генетик жиҳатдан бойитилган интерогрессив дурагай шакллар олишга эришган. Бу биринчидан ғўзани зараркунандаларга қарши ўзининг табиий «иммунитет»га эга бўлишини таъминласа, иккинчидан пахта ёғи таркибидаги энг зарарли модда ҳисобланмиш госсиполнинг миқдорини камайтириш имконини беради.

    Бошқа янгиликлар