1

Ўзбек телеканалларида чорак асрдан буён намойиш этилмаган миллий фильмлар эфирга узатилади

МАДАНИЯТ 31.12.2020, 16:45
Ўзбек телеканалларида чорак асрдан буён намойиш этилмаган миллий фильмлар эфирга узатилади

"Ўзбеккино" Миллий агентлиги Президент топшириғига асосан энг сара 100та ўзбек фильмини саралаб олди.

Жорий йилнинг 30 декабрь куни Ёшлар ижод саройида “Янги Ўзбекистон — ўзбек миллий кинематографияси шонли тарихи ва ривожланиш босқичлари” маросими бўлиб ўтди. 

 Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан энг сара миллий фильмлар 100 талиги танлаб олинди. Ушбу фильмлар орасида илгари телеканаллар орқали эфирга узатилмаган кўплаб ноёб фильмлар мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 20 ноябрда янги реконструкция қилинган “Ўзбекфильм” киностудиясига ташрифи давомида энг сара миллий фильмлар 100 талигини тузиш ва эфирга узатиш топшириғи берилган эди. Мазкур вазифа юзасидан “Ўзбеккино” МА томонидан махсус комиссия тузилди ва фильмлар юзталиги тузиб чиқилди. 30 декабрь куни агентлик тантанали равишда фильмлар жамланмасини давлат ва нодавлат телеканалларга топширди. Рўйхатдаги айрим ноёб фильмларнинг эталон негативлари Россия давлат фильм фондида сақланмоқда. Ҳозирга қадар 7та бадиий ва 10дан ортиқ мультипликацион фильмлар юртимизга қайтарилди. Уларни қайтариш бўйича ишлар давом эттирилади.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаев ҳамда “Ўзбеккино” МА Бош директори Фирдавс Абдухолиқов сўзга чиқишди. Сўнгра жорий йил оламдан  ўтган киноарбоблар ёд этилди. Шундан сўнг “Ўзбек киносининг 100та энг сара намунаси” олти тўплами видеотақдимотдан кейин ўзбек телеканалларига топширилди. Янги, 2021 йилдан энг сара миллий фильмларнинг дастлабки 25 таси давлат ва нодавлат телеканалларда эфирга узатилади.Улар орасида чорак асрдан буён намойиш этилмаган фильмлар мавжуд.

Тадбир сўнгида “CinemaTop-2020” тақдирлаш маросими доирасида қатор киноижодкорлар мукофотланишди. Жумладан, Жаҳонгир Аҳмедов – "Энг фаол режиссёр", Нигора Каримова – "Энг фаол киношунос", Азиз Арзикулов – "Энг фаол оператор", Фаррух Тўлаганов – "Энг фаол кинопрокатчи", Шоҳира Рауфбоева – "Энг фаол киножурналист", Баҳодир Адилов – "Энг фаол тизим ташкилоти", Феруза Нодирова – "Энг фаол ходим", Анвар Эргашев – "Энг фаол инвестор", Али Ҳамроев – "Энг фаол ҳужжатли кино устаси", Матёқуб Матчонов – "Ижтимоий фаоллиги учун", Жаҳонгир Қосимов – "Энг фаол киноижодкор", Рашид Маликов – "Халқаро муносабатлардаги фаоллиги учун", Ботир Базарбаев – "Жамоатчилик ишларидаги фаоллиги учун", Абдулатиф Ҳайдаров – "Энг фаол мультипликатор" номинацияларига муносиб кўрилди.

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1