Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси давлатимиз Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Парламенти ва халқига йўллаган Мурожаатномасига бағишланди. Сессияда иштирок этган Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев спикерларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Ҳозирги кунда мамлакатимизда қарийб 19% аҳоли жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб қилинган. Ушбу кўрсаткични 2021 йил якунига қадар
25 фоизга етказишга ҳаракат қиламиз. Яъни, мамлакатимизнинг 8,6 млн аҳолиси спортга жалб қилинади. Бу натижага аҳоли орасида жисмоний тайёргарлик даражаси синовларини йўлга қўйган ҳолда эришмоқчимиз.
Бундан ташқари, бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ҳар бир ҳудудни ҳар ойда спортнинг маълум бир турига, яъни аҳоли орасида кенг оммалашган бадминтон, стол тенниси, волейбол, баскетбол, мини-футбол ҳамда шашка-шахмат каби турларига ихтисослаштирамиз. Мисол учун, январь ойида Қорақалпоғистон Республикаси волейбол спорт турига ихтисослашади. Ҳар бир туман, шаҳар ва чекка ҳудудларда ҳам ушбу спорт тури бўйича мусобақалар ташкил этилади. Бунда маҳаллаларда ғолиб бўлган жамоалар иккинчи босқичга йўлланмани қўлга киритади ва шу тарзда босқичма-босқич амалга оширилади.
Олдимизда турган энг муҳим вазифалардан яна бири – 70та жисмоний тарбия ва спорт таълими муассасалари, 16 мингта мактабгача таълим муассасаси ҳамда умумтаълим мактаблари спорт жиҳозлари билан таъминланади. Вазирлик тизимидаги спорт таълим муассасаларига 38 млрд. сўмлик жиҳозлар етказиб берилса, мактабгача таълим, умумтаълим мактабларига эса 62 млрд. сўмлик спорт инвентарлари тақдим этилади.






