АсосийЖАМИЯТ

Бош прокурор яхши кўриб ўқийдиган газета маълум бўлди (фото)

Аввалроқ, Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил 19 декабрь куни прокуратура ходимлари учун му...

'Бош прокурор яхши кўриб ўқийдиган газета маълум бўлди (фото)'ning rasmi

Аввалроқ, Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил 19 декабрь куни прокуратура ходимлари учун муҳим тарихий санага асос солгани, унга кўра, бугун — 8 январь "Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни” экани ва сана муносабати билан соҳа ходимлари касб байрамларини нишонлашаётгани ҳақида хабар қилгандик...

Мазкур сана муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев хизмат вазифаларини виждонан бажариб, 

қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишда ижобий натижаларга эришганлиги, 

юклатилган вазифаларни бажаришда ташаббускорлик, қатъиятлилик ва алоҳида намуна кўрсатганлиги, шунингдек прокуратура органлари фаолиятига ошкоралик бериш, тизимда спортни оммалаштириш ишига ҳисса қўшганлиги учун

7 нафар ОАВ вакилларини фахрий ёрлиқ билан тақдирлади. Улар орасида "Даракчи" газетаси журналисти Садоқат Аллаберганова ҳам бор.

Тадбир давомида Бош прокурор муҳокамалар марказидаги долзарб мавзуларга масъуллар муносабати ва энг долзарб 100 га яқин саволларга мутахассислар жавобини бериб борадиган, «Даракчи» халқ билан, халқ ичида» шиори остида қалам тебратадиган «Даракчи» газетаси фаолиятига ҳам алоҳида урғу берди. 

Н.ЙЎЛДОШЕВ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори: – Босма нашрлар орасида «Даракчи» газетасини яхши кўриб ўқийман. Боиси ҳуқуқий мавзуларни ҳуқуқий атамалардан қочган ҳолда халқчил, қисқа ва лўнда, энг муҳими содда тилда етказиб беради. 

Бу эътибор ва эътирофдан жуда ҳурсанд бўлдик. Ҳар бир киши, хусусан қалам ахли учун қилаётган меҳнатини беэътибор қолмаётганини билиш ёқимли ва бу биз – журналистларга икки карра кўпроқ шижоат, кўтаринкилик билан ишлашга замин яратади. Бош прокурорнинг нашримизга бўлган эътибор ва эътирофи бу катта масъулият ва ишонч. Бундан рухланган ҳолда қонун устуворлигини таъминлаш, қонунийликни мустаҳкамлаш, халқни қийнаётган муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш ва унга ечим топиш мақсадида Бош прокуратура билан ҳамкорликда танқидий ва таҳлилий мақолалар беришда давом этамиз.   

Эътироф этиш жоиз, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида халқ оғирини енгил қилиш, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ҳал этиш, аҳоли фаровонлигини ошириш, иқтисодий ўсишни таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, умуман, барча йўналишларда прокуратура органлари томонидан салмоқли ишлар қилиняпти ва муҳим натижаларга эришиляпти. Бугун прокуратура органлари ходимлари зиммаларига юклатилган ҳар қандай вазифани бажаришга садоқат ва юксак масъулият билан ёндашишяпти. 

Айни вақтда прокурор назорати фаолияти айбдорларни топиб жазолашга эмас, балки тизимли муаммо ва камчиликларни аниқлаб бартараф этишга йўналтириляпти. Айниқса, фуқароларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақидаги мурожаатлари Бош прокуратура раҳбарияти томонидан алоҳида назоратга олиниб, ўрганилмоқда ва асосли эътирозлар бўйича уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилмоқда.

Мазкур масъулиятли, машаққатли ва шарафли фаолиятингизга муваффақият ва улкан зафарлар, ўзингизга эса мустаҳкам соғлиқ тилаймиз. Касб байрамингиз муборак бўлсин! 

    Бошқа янгиликлар