АсосийЖАМИЯТ

Нукусда ватан ҳимоячилари учун 30 хонадонли янги уй фойдаланишга топширилди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 29 йиллиги ҳамда умумхалқ ба...

'Нукусда ватан ҳимоячилари учун 30 хонадонли янги уй фойдаланишга топширилди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 29 йиллиги ҳамда умумхалқ байрамига айланган Ватан ҳимоячилари куни айёми арафасида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва Қуролли Кучлар фахрийлари учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида қурилган ва 30 хонадондан иборат бўлган 1 та кўп қаватли турар-жой биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Янги хонадон калитларини бахтли оилаларга топшириш маросимида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони Фарҳоджон Шерматов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ерназар Аташов, Нукус гарнизони ҳарбий прокуратураси раҳбарияти, ҳарбий хизматчилар оилалари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Қўмондон ўз нутқида мамлакатимизда ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланганини таъкидлаб, охирги йилларда ҳарбий соҳага бўлаётган эътибор туфайли ҳарбий қисм ва муассасалар, дала-ўқув майдонлари инфратузилмасини такомиллаштириш, юрт ҳимоясидек масъулиятли касб эгалари ва уларнинг оила аъзоларига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни уй-жой билан таъминлаш, ҳарбий пенсионерларнинг ижтимоий муҳофазаси каби масалалар долзарб бўлиб келаётганини эътироф этди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳарбий-маъмурий сектори билан ҳамкорликда олиб борилаётган кенг кўламдаги ишларга алоҳида урғу берди.

Нукус гарнизонидаги “Ватанпарвар” маҳалласида бунёд этилган 30 хонадондан иборат 5 қаватли 2 ва 3 хонадан иборат бўлган шинам, барча қулайликларга эга бўлган янги уйлар Ватан ҳимоячиларига ўзгача байрам туҳфаси бўлгани эътироф этилди. 

Тадбир давомида охирги 3 йилда биргина Шимоли-ғарбий ҳарбий округда 400 нафарга яқин ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли ипотека кредити асосида 8 та уй қурилгани таъкидланди.

Аввалроқ, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Ҳарбий-маъмурий сектори билан ҳамкорликда “Нукус” полигони инфратузилмаси такомиллаштирилиб, фойдаланишга топширилган эди. 

Тадбир давомида янги хонадон эгаларига калитлар тантанали тарзда топширилди. 

 

    Бошқа янгиликлар