Жорий йилнинг 11 январь куни Миллий кино санъати ойлиги доирасида Самарқандда киноижодкорлар билан учрашув ташкил этилди.
Кино ойлик доирасида ташкил этилган ижодий учрашувда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, "Дўстлик" ордени соҳиби, кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Карим Мирходиев ва Республика киноарбоблари уюшмаси раиси ўринбосари, драматург Жўрабек Рўзметов, ҳарбийлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Шунингдек, ҳафталик доирасида киноижодкорлар Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Хуршид Очилов билан учрашишди. Самимий руҳда кечган суҳбат давомида ҳокимлик вакиллари ва киноижодкорлар билан бир қатор таклифлар муҳокама қилиниб, доимий ҳамкорликка келишилди. Учрашув сўнгида вилоят ҳокимлигига "Ўзбекистон кино санъати" номли китоб-альбом тақдим этилди.
Киноижодкорлар билан учрашув сўнгида "Ўзбеккино" МА буюртмасига биноан режиссёр Жаҳонгир Қосимов томонидан суратга олинган "Ибрат" бадиий фильми намойиш этилди.
Эслатиб ўтамиз, "Ўзбеккино" Миллий агентлиги ташаббуси билан 11-16 январь кунлари "Янги Ўзбекистон ва миллий кинематография” ойлиги доирасида "Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги" ўтказилмоқда.






