2021 йил 11 январь куни Президент ташаббусига кўра “Меҳр-3” инсонпарварлик операциясининг навбатдаги босқичи доирасида Ўзбекистон Республикаси ИИВ ДХХ, Тошкент шаҳар ИИББ, шаҳар ҳокимлиги ва бошқа тузилмалар билан ҳамкорликда илгари Қибрай туманидаги “Бўстон” оромгоҳида турган 17 нафар фуқароларни (3 та аёл ва 14 та вояга етмаганларни, шулардан 5 нафари етим қолишган) турар-жойларига жўнатишди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Тошкент шаҳар ИИББ хабар бермоқда.
Уч нафар аёл вояга етмаган фарзандлари билан Юнусобод, Учтепа ва Чилонзор туманларида яшовчи ота-оналарининг уйларига қайтарилди. Ота-оналаридан маҳрум бўлган беш нафар болалар эса Тошкентдаги болалар уйларига жойландилар.
Ҳар бир фуқарога Президент совғалари етказилди, 12 ёшдан ошган 3 нафар болаларга эса велосипедлар топширилди.
«Меҳр» инсонпарварлик операцияси давомида ватанга қайтарилган аёл ва болалар тинч, осуда ҳаётга қайтиб, давлат ва жамоатчилик ташкилотлари ёрдами билан жамиятда ўз ўрниларини топаётганлари қувонарли ҳолатдир.
Мазкур йўналиш бўйича тадбирлар давом этмоқда.













