2021 йил 13 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоровга “Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш борасида ҳукумат томонидан белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида” Қонунчилик палатасининг парламент сўровини юбориш ҳақида қарор қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикасида капитал бозорининг бугунги ривожланиш ҳолати молия секторининг бошқа иштирокчилари, хусусан банк ва суғурта бозорларига нисбатан суст даражада қолишига сабаб бўлмоқда. Айни пайтда Ўзбекистон фонд бозорининг капиталлашуви ялпи ички махсулотга нисбатан 1 фоизни ташкил қиляпти. Бу кўрсаткич Қозоғистонда 22 фоиз, Россияда 35 фоиз, Хитойда 46 фоиз, Жанубий Кореяда 87 фоиз, Малайзияда 112 фоиз ҳамда АКШда 149 фоизни ташкил қилади.
Бундай ҳолатни тузатишнинг тизимли ечимларини топиш борасида илмий-тадқиқот ишлари ҳам замонавий талаб даражасида олиб борилмаган, тадқиқот ишларида хорижий олим ва экспертларнинг иштироки сезиларли даражада эмас. Шу билан бир қаторда, капитал бозорини ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари бўйича йўл хариталарида халкаро ташкилотлар билан қимматли коғозлар бозорига оид интеграцион алоқаларни ўрнатиш концепцияси белгиланган бўлсада, мазкур стратегия бугунги кунгача қабул қилинмаган.






