Бугун, 16 январь куни Универсал спорт мажмуасида миллий кураш бўйича "Бош прокурор кубоги" турнири бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Хаёт Шамсутдинов хабар қилди.

Президентнинг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4881-сонли Қарори ижросини таъминлаш ҳамда курашни умумхалқ спортига айлантириш мақсадида ўтказилган қатор тадбирлар жумладан ўтган йилнинг 24, 27 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Прокуратура полвони” ҳамда “Ўзбек полвони” мусобақалари - Ўзбекистон полвонлар юрти эканлиги, полвонлик касб, соҳа, ёш танламаслигини яна бир бор исботлаган бўлса, энди навбат Бош Прокурор кубоги мусобақасига.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоят терма жамоаларининг аъзолари бош прокурор кубоги учун гиламга чиқишди.

Мусобақада аёллар: 57 кг., 70 кг., эркаклар: 66 кг., 73 кг., 81 кг., 90 кг., +90 кг. вазн тоифасида ўзаро беллашдилар.

Мусобақанинг мутлоқ ғолиб жамоасига “Бош прокурор кубоги” рамзи туширилган кубок, қимматбаҳо совғалар ҳамда жамоанинг ҳар бир аъзосига диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Мусобақада совринли ўринларни эгаллаган жамоалар тегишли даражадаги диплом ва совғалар билан тақдирланди.

Мусобақа жараёнида қуйидаги наминациялар бўйича тақдирлаш маросимлари бўлиб ўтди.

1. 2020 йилнинг энг кучли курашчиси
2. 2020 йилнинг энг кучли аёл курашчиси
3. 2020 йил мураббийси
4. 2020 йил аёл мураббийси
5. 2020 йил ҳаками
6. 2020 йилнинг энг намунавий вилоят кураш федерацияси раиси
7. 2020 йилнинг энг намунавий вилоят кураш федерацияси фахрий раиси
8. 2020 йилнинг энг фаол туман Кураш федерацияси раиси
9. 2020 йилнинг энг фаол худудий кураш федерацияси раиси
10. 2020 йилнинг энг фаол худудий кураш федерацияси фахрий раиси

Мусобақада барча вилоятлардан жами 100 га яқин полвонлар қатнашди.

Улар орасида Осиё ўйинлари совриндорлари, Ўзбекистон чемпионлари бор. Булар сирасига Осиё ўйинлари совриндори, Ўзбекистон чемпиони Мухлиса Абдумаликова, Жаҳон Чемпионати совриндори, Ўзбекистон чемпиони Беҳзод Каримов, Нурбек Тоғаевларни кўриш мумкин.







