Жиззах шаҳрида фуқаронинг электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги ҳақидаги далолатномани йўқ қилиб бермоқчи бўлган электромонтёр ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати Даракчи.узга маълум қилди.
Хабарда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Жиззах шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, “Жиззах ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ бўлим электромонтёри М.Я. фуқаро А.Х.нинг хонадонида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги юзасидан тузилган далолатномани йўқ қилиб бериш эвазига 1,5 млн сўмни олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинган.
Шунингдек, терговга қадар текширувда, М.Я. 2 нафар фуқаронинг электр энергиясидан бўлган 7,2 млн сўм қарздорлигини базадан ўчириб бериш эвазига уларнинг 200 АҚШ доллари ва 1,4 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан М.Я.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.