Бугун, 18 январь куни ижтимоий тармоқларда "3 нафар ГАИ ходимлари фуқарони калтаклашмоқда. Ҳолат Бухоро Жондорда" сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди.
Видео лавҳа ИИВ ЙҲХББ томонидан ўрганилганда, жорий йилнинг 4 январь куни Бухоро вилояти, Жондор туманида ИИБ ЙҲХБ ходимлари А.Мақсудов, Б.Раҳмонқулов ва А.Хасановлар томонидан соат 14:30ларда, ушбу туман Бўрибоғи кўчасида "Матиз" русумли автомобиль ҳайдовчиси тўхтатилиб текширилганда, ҳайдовчи И.М.нинг оғиз бўшлиғидан спиртли ичимлик ҳиди келганлиги боис ҳайдовчи тиббий текширувдан ўтишга таклиф этилган. Ҳайдовчи ушбу вазиятда автомобилдан тушиб пиёда қочишга уринган. Ходимлар томонидан кўрилган чоралар натижасида ҳайдовчи тиббий текширувдан ўтказилган. Нарколог шифокор томонидан берилган хулосага кўра, ҳайдовчи И.М.нинг мастлик ҳолати тасдиқланган ва ЙПХ ходими томонидан белгиланган тартибда маъмурий баённома тузилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан қўшимча хизмат текшируви ўтказилмоқда. Хизмат текширувлари хулосаси бўйича қўшимча маълумот берилади.
Белгиланган қарор ва буйруқ талабларидан четга чиққан ходимларга қатъий интизомий жазо чораларини кўриш таъминланади, дейилган ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабарида.






