АсосийЖАМИЯТ

Аскарлар яқинлари билан теле-кўприк орқали мулоқот қилишди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармаси муддатли ҳарбий хизма...

'Аскарлар яқинлари билан теле-кўприк орқали мулоқот қилишди'ning rasmi

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Махсус муҳандислик-қурилиш бошқармаси муддатли ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзолари иштирокида «Менинг ўғлим – Ватан ҳимоячиси» деб номланган онлайн видео мулоқот бўлиб ўтди. Бу галги мулоқот Андижон ва Фарғона  вилоятидан Тошкент вилоятида йигитлик бурчини ўтаётган аскарлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида бўлди.

“Миллий армиямиз – ёшларнинг мардлик, матонат ва жасорат мактабидир” шиори остида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 29 йиллиги ва 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда профессионал миллий армиямиз юртимиз тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашнинг муҳим омили бўлаётгани таъкидланди. 

Мулоқот аввалида космонафт, Қирғизистон ва Россия қахрамони Солижон Шарипов сўзга чиқиб, аскарларни Ватан ҳимоячилари куни билан қутлади ва ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш, уларни ватанни севишларида харбийлик касби муҳим аҳамиятга эга эканлиги хусусида сўз юритиб видеомулоқотни очиб берди.

Видеомулоқотда ҳар икки вилоятда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган йигитлар ота-оналари, дўстларига ўзи хизмат қилаётган ҳарбий қисм ҳаёти ва у ерда яратилган шароитлар ҳақида гапириб берди. Шунингдек, ўзи туғилиб ўсган қишлоғи, маҳалласидаги сўнгги янгиликлар, оила аъзолари, дўстлари ва яқинларининг ҳол-аҳволи ҳақида билиб олди. 

– Теле-кўприк орқали дўстим Жахонгирни кўриб, жуда қувониб кетдим, – дейди Фарғона вилоятидан келиб Тошкент вилояти Қибрай туманида ўз хизмат бурчини адо этаётган оддий аскар Рамзбек Алиқулов. – У билан суҳбатлашдик. У менга Ватан тинчлигини таъминлашдек шарафли вазифани адо этишда жисмонан ва маънан соғлом, юксак интеллектуал салоҳиятли йигитлар сафида дўсти борлигидан фахрланишини айтди. Ҳарбий билим ва кўникмаларимизни мустаҳкамлаш учун ҳарбий қисмда барча шароит мавжуд. Келажакда мен олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириб, албатта, офицер бўламан. Халқим, ота-онам ва дўстларимнинг ишончини оқлайман.

Тадбирда намунали хизмат қилаётган аскар ўғлонларнинг ота-оналари ва дўстларига бошқарманинг ташаккурномалари ўқиб эшиттирилди. 

– Менинг ўғлим Асадбек Ғиёсиддинов Тошкент вилоятида ўз йигитлик бурчини ўтамоқда, – дейди андижонлик Абдуқодир Ғиёсиддинов. – Ватан ҳимоячилари байрами арафасида ўғлим билан виртуал тарзда кўришган бўлсам-да, унинг алпларга хос бўй-бастини, соғ-саломат эканини кўриб жуда хурсанд бўлдим. Айниқса, ўғлимнинг намунали хизмати учун берилган ташаккурнома мени дунёдаги энг бахтиёр отага айлантирди. Ватанимиз сарҳадларини қўриқлашдек шарафга эришган мард ўғлим борлигидан ғурурланаман. 

Видеомулоқот ҳамда Космонафт билан кечган самимий суҳбат аскарларда ёрқин таассуротлар қолдирди.

Кичик сержант Авазбек Абдурахмонов

    Бошқа янгиликлар