2021 йилнинг 19 январь куни Миллий матбуот маркази биносида Ўзбекистон Миллий Каратэ Федерацияси томонидан "Каратэ спортини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар" мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуман бўлаётган вақтда "чақирилмаган меҳмонлар" ташрифи кузатилди дея хабар бермоқда Ҳуман.уз
“Тадбирга расман таклиф этилмаган бироқ масъулларга, журналист ва блогерларга айтар сўзи бўлган ўнлаб спортчилар ҳам ташриф буюришди. Лекин маълум сабабларга кўра, анжуманга киритилмади. Тадбир якунида эса Нурхон Нафасов, миллий терма жамоа бош мураббийи Дилноза Бакирова ва унинг шогирдлари ҳамда йиғилган бошқа вакиллар ўртасида қизғин муҳокама ва баҳслар юзага келди. Мураббий Бакированинг сўзларига кўра, спортчилар федерация фаолиятидан норози. Хусусан, улар федерация президентини "таниш-билишчилик"да айблаган. Миллий терма жамоа аъзоларининг маълум қилишича, улар ҳатто жамоанинг психологи ким эканини билишмайди. Ваҳоланки, психолог федерация президенти буйруғига асосан тайинланган.
Тадбирда федерация президенти Нурхон Нафасов ундан аввалги раҳбарият миллиардлаб маблағларни йўқ қилиб юборгани ва прокуратура органлари ҳам ушбу ҳолатга шу кунгача кўз юмиб келаётганини таъкидлади.
"Адолат, демократия бўлмаганида мен судда ютмасдим. Айбим бўлса, қонун олдида жавоб беришга тайёрман. Шунча талон-тарож қилинган пул қолиб мени 3 ойлик вақтимга эътибор қаратишмоқда", дейди Нафасов.
Дарҳақиқат, Нурхон Нафасов бундан аввал ҳам федерацияга раҳбар бўлган йилларда (1996-2006) юртимизда каратэ спорти анчайин ривожланган. Буни матбуот анжуманига йиғилган журналист ва блогерлар ҳам алоҳида эътироф этишди.
Тақдим этилган статистик маълумотларга кўра, 2006 йилдан кейин мамлакатимизда каратэ спорти билан шуғулланувчи ёшлар сони кескин камайган. Аниқроғи, шу муддат ичида каратэ билан шуғулланувчилар сони 70 мингдан 10 минг нафаргача камайган”, – дейилади Ҳуман.уз ахборотида.






