Қашқадарёда ота икки нафар вояга етмаган фарзандларини ҳақоратлаб, ўлдириш билан таҳдид қилди. Қарши шаҳри Каманди маҳалласида содир бўлган ҳолат ҳақида Kun.uz хабар қилмоқда.
Аудио ва видеоматериаллардан англаш мумкинки, оилада эр-хотин ўртасида зиддият келиб чиққан. Ота ўғилларини куракда турмас сўзлар билан ҳақоратлаб, уриб, гўёки уларнинг онасига сабоқ бериб қўймоқчи бўлади. Натижада, фарзандлар жабр кўриб, руҳий зарба олмоқда.
«Ўлдириб ташлайман, оёқ-қўлларингни синдираман», дея ўғилларига таҳдид қилади ота. У болага қарата: «Мен билан ўлишни хоҳлайсанми? Уйга бензин сепаман ва битта сигарет чекаман, ҳаммаси тамом», дея таҳдид қилади.
Аудиода болаларнинг чинқириқ овозда додлаши, йиғлашидан аёвсиз калтакланаётганини эшитиш мумкин. Болаларнинг каттаси 12, кичиги 11 ёшда эканлиги айтилмоқда.






