Сирдарё вилоятида кучли шамол, ёғингарчилик ва қор ёғиши кузатилиши натижасида ҳудуднинг электр тармоқлари тизимида ҳам носозликлар келиб чиқди.
“Сирдарё ҲЭТК” матбуот хизматининг хабар беришича, ноқулай об-ҳаво шароити туфайли электр таъминотида юзага келган узилишларни ва вақтинчалик узилишларни бартараф этиш ишлари электр таъминоти корхоналари тезкор бригадалари ҳамда алоқадор барча хизматлари томонидан кучайтирилган тартибда олиб борилмоқда.



Шунингдек, Андижон вилоятининг айрим туманларида ҳам электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда. “Подстанция Андижон” фавқулодда ҳимоя таъсирида 110кВ.ли Гулшан ҳаво тармоғи юқори фазасида шлейф узилган. Бунинг оқибатида Андижон вилоятининг айрим туманларида автоматик равишда чекловлар киритилди.


"Айни вақтда юзага келган электр энергиясидаги узилишларни бартараф этиш учун тезкор ишлар ташкиллаштирилган. Юзага келган муаммо бугун тез фурсатларда бартараф этилади. Носозлик сабаблари тегишли мутахассислар томонидан аниқланмоқда" деб хабар бермоқда “Андижон ҲЭТК” матбуот хизмати.
Эслатиб ўтамиз, сал аввал Хоразм ва Қашқадарё вилоятларининг бир қанча ҳудудлари электр энергиясиз қолгани хабар қилинган эди.





