Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси 2021-йил 19-январ куни Москва вилояти Таълим вазирлигининг Дмитровск шаҳар округи бўйича Васийлик ва ҳомийлик бошқармасидан онаси М.К.нинг вафоти туфайли оғир вазиятда қолган вояга етмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Х.И. (2014 йил туғилган) ҳақида маълум қилган.
Элчихона томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида вояга етмаган фуқарони Ватанимизга қайтариш масаласи ишлаб чиқилди. Хайрия маблағлари ҳисобидан “Uzbekistan Airways” AЖнинг “Москва-Тошкент” йўналишидаги рейсга авиачипта сотиб олинди. Х.И.нинг Ўзбекистондаги қариндошлари билан алоқа ўрнатилиб, уларга вояга етмаган ватандошимизнинг республикага қайтиб келиш санаси ва вақти маълум қилинди. X.И.ни аэропортда Ўзбекистон васийлик органлари вакиллари томонидан кутиб олишини ҳақида келишувга эришилди.
2021-йилнинг 22-январ куни Х.И. “Uzbekistan Airways” AЖ борт кузатувчилари ҳамроҳлигида Ўзбекистонга учиб кетди.






