Таҳлиллар йўл-транспорт ҳодисалари аксарият холларда ҳаракат иштирокчилари томонидан «Йўл ҳаракати қоидалари»ни бузиш оқибатида келиб чиқишини кўрсатади. Охир-оқибатда эса бу тузатиб бўлмас хатоликларга, айрим инсонларни ҳаётдан бевақт кўз юмишига, баъзи бирларини бир умрга майиб-мажруҳ бўлиб қолишига олиб келади. Шу сабабли бугун асосий эътибор пиёдалар қоидабузарликларининг олдини олишга қаратилмоқда. Чунки, ёғаётган қор ҳам ҳаракат иштирокчиларидан йўлларда ўта масъулият билан ҳаракатланишни, қоидалар талабларини сўзсиз бажаришни талаб этади.
Жойларда ўтказилаётган профилактик тадбирлар давомида пиёдаларни ҳушёрликка чорлаб, уларга хавфсиз юриш талаблари ҳам тушунтириб бориляпти. Қоидабузар пиёдалар билан суҳбатлашсангиз, уларнинг аксарияти «Шошиб тургандим», «Билмай қолибман», деб ўз қилмишларини хаспўшлашга интилади. Улар назарида арзимасдек бўлиб кўринган бу хатолар пировардида жуда катта қурбонларга сабаб бўлувчи фалокатларни келтириб чиқариши мумкинлигини ўйлаб кўришмайди.
Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизматининг маълумот беришича, йилнинг ўтган даври мобайнида йўл патруль хизмати инспекторлари томонидан қоидабузарлик содир этган 4100 дан ортиқ пиёдалар тўхтатилди ва уларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.