АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистон ОТМлари ва Россия ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланади

Ўзбекистон ОТМлари ва Россия ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамл...

'Ўзбекистон ОТМлари ва Россия ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланади'ning rasmi

Ўзбекистон ОТМлари ва Россия ишлаб чиқарувчилари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланади, дея хабар бермоқда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ахборот хизмати.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили А.А.Сазонов ва «ФОРМИКA» компаниялари гуруҳи Биринчи вице-президенти А.Г.Арташкин билан вазир ўринбосари У.Бегимкулов раҳбарлигида муҳандислик соҳаси ОТМлари ректорлари ва проректорлари иштирокидаги учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда жорий йил 5-7 апрель кунлари Тошкент шаҳрида «ИННОПРОМ. Ўзбекистонда катта саноат ҳафталиги» халқаро саноат кўргазмасида муҳандислик ОТМларининг иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Жумладан, кўргазмада ОТМ раҳбарлари ва профессор-ўқитувчиларидан ташқари иқтисодиёт, техника, муҳандислик, ахборот технологиялари, фармацевтика таълим йўналишларида таҳсил олаётган талаба-ёшларнинг ҳам иштирок этиши режалаштирилган.

Халқаро кўргазмада меҳнат унумдорлиги, сунъий интеллект, IT-иқтисодиёт, яшил иқтисодиёт, киберхавфсизлик бўйича россиялик етук мутахассислар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилади. Ушбу тадбирларни ОТМларида ҳам ўтказиш имкониятлари мавжуд. Саноат кўргазмаси доирасида Хитой, Германия, Корея, Италия, Япония, Туркия, Франция, Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Марказий Осиёдан 100 дан ортиқ йирик компаниялар, ўрта ва кичик бизнес вакиллари ўз маҳсулотларини намойиш этади.

Учрашув якунида мазкур кўргазма Ўзбекистон ОТМ лари билан хорижнинг йирик компаниялари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш учун муҳим майдонча бўлиб хизмат қилиши, шунингдек, профессор-ўқитувчилар ва талабаларни илғор технологиялар билан таништириш учун катта имконият эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Маълумот учун,  бугунги кунда Ўзбекистонда Россия ОТМларининг 12 та филиали фаолият кўрсатмоқда.

    Бошқа янгиликлар